Шомуродов гол урган ўйиндан кейин Моуриньо нималар деди?
А Сериянинг 12-турида “Венеция”дан 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраган “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
- Мен бугун “Рома” ҳақида гапирмоқчи эмасдим. Охир-оқибат “Венеция” ғолиб чиқди ва улар муҳокамага лойиқ.
Мен асабларимни сақлашим ва ҳиссиётларимни жиловлашим керак. 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олганимизда ҳисобдаги фарқни ошириш учун имконият кўп бўлди. Тўпни назорат қилаётган эдик, ҳаммаси яхши кетаётганди. Кейин нима бўлганини эслашни ҳам хоҳламайман.
Биз гол уриш учун жуда кўп қулай вазиятларни яратдик, лекин хавфли вазиятда ўйинчиларнинг тўғри пас ошира олмаётгани одамни хафа қилади. Беллашув давомида бунақаси 20 мартача бўлди. Жордан Верету ва Лоренцо Пеллегрини каби ҳужумкор футболчилар форвардларга жуда яқин турганига қарамай, уларга тўпни аниқ етказиб беролмади.
Шунча вазият яратиб, етарличи гол ура олмаслик мумкинми?
Биз биринчи голни стандарт вазиятдан ўтказиб юбордик. Худди шундай вазиятларда қандай йўл тутишни кечаги машғулотларда ҳам машқ қилгандик. Барибир ҳимояда хатога йўл қўйдик.
Бош мураббий сифатида мен мақсад қўйишим, ўйинчиларда ва ўзимда иштиёқ уйғота олишим керак. Мақсадимиз кучли тўртликка кириш деганимда, бизга бошҳа ҳеч нарса керак эмаслигини назарда тутмаганман.
Ҳозирги таркибимиз ўтган йилгисидан кучли эмас. Ёзда трансфер қилинган футболчилар жамоани кучайтириш учун эмас, балки муаммоли нуқталарни ёпиш учун олинган. Улар келиши билан таркибимиз кучайиб кетди, деб ҳисобламайман.Қолаверса, тажрибали футболчиларни ҳам йўқотганмиз.
Кимлардир ҳакамлар қарорини танқид қиляпти, демаслиги учун учрашувда дарвозамизга белгиланган пенальтига изоҳ бермайман. Бу мавсум “Рома” учун ўтиш даври бўлади. Топ даражадаги клуб ташкил этишимиз учун олдинда яна уч йил вақтимиз бор. Бундан ташқари, асосий жамоага ўринбосарлар таркибидан мунтазам истеъдодли ўйинчилар қўшилиб, туришига эҳтиёж бор. Буни ҳам ҳисобга олиш зарур, - деди Жозе Моуриньо.
Таъкидлаш лозимки, учрашув Рим жамоаси учун омадсиз бошланди. “Венеция” вакиллари иккинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. Голга Маттиа Кальдара муаллифлик қилди. Меҳмонлар вазиятни тенглаштириш учун қирқ дақиқа ҳаракат қилди. 43-дақиқада Элдор Шомуродов жавоб тўпини киритди. Бу легионеримизнинг “Рома” футболчиси сифатида Италия чемпионатидаги биринчи голи бўлди. Элдор узоқ давом этган қуруқ сериясига барҳам берди.
Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида Тэмми Абрахам Элдор Шомуродовнинг супер пасидан сўнг “Рома”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. “Бўрилар” ўйин охиригача ғалабани ушлаб қола олмади. Ҳимоячилар хатосидан фойдаланган мезбонлар иккинчи таймда рақиб дарвозасини икки марта ишғол қилиб, мағлубиятни ғалабага айлантирди. Голлар Маттиа Араму ва Давид Окереке ҳисобига ёзилди.
Ушбу мағлубиятдан сўнг, Моруиньо жамоасининг очколари ўн тўққизталигича қолди. “Рома” мусобақа жадвалида бешинчи ўринга тушиб қолди. Агар “Лацио” бу турда мусобақа аутсайдерларидан ҳисобланган “Салернитана”ни мағлубиятга учратса, римликлар янада пастга шўнғийди.
Қатор мамлакатлар миллий чемпионатларида кичик танаффус берилади ва футболчиларнинг аксарияти терма жамоа йиғинига жалб қилинади. Шомуродов ҳам терма жамоамизнинг сардори сифатида 15 ноябрда Грузия билан бўладиган ўртоқлик учрашувида қатнашиши кутилмоқда.
“Рома” А Сериядаги навбатдаги учрашувини 21 ноябрь куни ўтказади. Шу куни римликлар Шомуродовнинг собиқ жамоаси “Женоа” билан Генуяда куч синашади.
Фикрлар