Шомуродов мутахассислар фикрини ўзгартирди!
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган молиявий муаммолар Европа кучли бешлик чемпионатлари клубларининг трансфер сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.
Бугунги кунга келиб, илгари бир футболчи учун бир неча ўн миллионлаб пул сарфлаган қудратли клублар ҳам трансфер суммаси юқори бўлмаган ва ўзи катта маош талаб қилмайдиган чарм тўп усталарини қидирмоқда.
Кучли бешлик чемпионатлари орасида ўзига хос мураккаблиги билан ажралиб турадиган Италия чемпионати иштирокчилари кейинги пайтда собиқ Иттифоқ ҳудудидан етишиб чиққан ўйинчиларга эътибор қаратаётгани аҳамиятли.
Якунланган мавсумда А сериянинг ўзида МДҲ мамлакатларининг бир неча вакиллари тўп тепди ва уларнинг аксарияти бошқа қитъа вакиллари билан рақобатга қодир эканини кўрсата олди. Хусусан, бугунги кунда “Рома”да арманистонлик Генрих Мхитарян, “Аталанта”да украиналик Руслан Малиновский ва Виктор Коваленко, россиялик Алексей Миранчук, “Фиорентина”да Александр Кокорин ва “Женоа”да ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ўйнамоқда. Ўтган мавсумда Кокориндан ташқари уларнинг бари ўз салоҳиятини намоён этиб, мухлису мутахассислар эътиборини қозона олди.
Биз учун аҳамиятлиси, Элдор Шомуродов дебют мавсумида барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, ўз истеъдодини намойиш эта олди.
Кейинги пайтда “Женоа” трансферлар масаласида ҳамдўстлик мамлакатлари футболчиларига эътибор қарата бошлаганида Элдорнинг ҳиссаси ва хизмати катта экани кўриниб турибди.
“Женоа” нишонида турган футболчилар орасида “Пахтакор” ўйинчиси Иброҳимхалил Йўдошев борлиги ва томонлар музокара ўтказаётгани ҳақида сайтимиз орқали хабар берган эдик.
Энди генуяликлар Киевнинг “Динамо” жамоаси ҳужумчиси Владислав Супряга билан 5 йиллик шартнома бўйича келишувга эришгани ҳақида маълумотлар тарқатилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 21 ёшли украиналик ҳужумчи бошқа клублардан таклиф кела бошлаган Элдор Шомуродовга ўринбосар сифатида олинган экан. Чунки, “Женоа” раҳбарияти ўзбек легионерини узоқ ушлаб турмайди. Улар Италия футболига мослашиб бўлган Шомуродов келаси мавсум ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш этишига ва унинг трансфер суммаси янада кўтарилишига ишонмоқда. Демак, Элдор қишда ёки келаси йил ёзда бошқа клубга сотиб юборилиши мумкин.
“Женоа” нишонида Европа чемпионати қаҳрамонларидан бири Артём Довбик ҳам бор. Украина терма жамоасига Швеция устидан ғалаба келтирган “Днепр” футболчиси генуяликларнинг ташқари “Фиорентина”, “Торино”, “Марсель” ва “Реал Сосьедад” каби жамоалардан ҳам таклиф олди.
Маълум бўлишича, “Женоа” россиялик дарвозабон Андрей Луневга ҳам харидор бўлаётган эди. Бироқ, Лунев “Байер”дан бўлган чорловни қабул қилди.
- Биз учун “Байер”нинг таклифи қизиқарлироқ туюлди. Аслида у Россия терма жамоасидаги дарвозабонлардан анча кучли. Дарвозани у қўриқлаганида термани гуруҳдан олиб чиқарди. Луневга Испания, Туркия ва Англиядан қизиқиш бўлди. Куни кеча, “Женоа” мутасаддилари алоқага чиқди. Лекин биз Бундеслига вакилини танлаб бўлдик, - деди дарвозабоннинг агенти Денис Сарсания.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг ўзи Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан кейин бор эътиборини “Женоа”га қаратади. Айни пайтда генуяликлар янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборди.
Янги мавсумда Шомуродов олдида асосий таркибдаги жойини сақлаб қолиш, кўпроқ гол уриш, ички рақобатда устунлигини исботлаш каби муҳим вазифалар турибди. Зеро, ҳамюртимиз “Ювентус”, “Рома” каби жамоалар эътиборига тушган ва янги мавсумда кўплаб мутахассислар ва агентлар Европа футболида ўзини кўрсата бошлаган ўзбек легионерининг ўйинларини синчковлик билан кузатиб боради.
Фикрлар