Шомуродов порлаган жамоа А Серия масаласини ҳал қилди!

Кучли бешлик чемпионатларидаги ягона футболчимиз – Элдор Шомуродов А Сериядаги фаолиятини “Женоа” клубида бошлаганини яхши эслаймиз.

Генуя шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган “Женоа” Италиянинг энг қадимги клуби ҳисобланади. Бу жамоа 2020 йилнинг октябрида ўша пайтда Россия Премьер-лигасида “Ростов” жамоасида тўп тепаётган Элдор Шомуродовни трансфер қилди.

Генуяликлар ўзбек ҳужумчиси учун умумий ҳисобда 9 миллион евро харажат қилгани қайд этилган. Бу жамоа Шомуродовга кучли бешлик чемпионатларига йўл очгани учун ҳам легионеримиз фаолиятида ўз ўрни бор.

Элдор Италия чемпионати юқори дивизионида учта жамоа учун тўп тепишга улгарди. Бироқ, ҳамюртимизнинг порлаган даври “женоа”га тўғри келди, десак муболаға бўлмайди. Чунки Шомуродов “Женоа”да асосий таркиб ўйинчиси ҳисобланарди. Дебют мавсумининг иккинчи ярмига бориб асосий тўпурарга ҳам айланди.

1f0e3dad99908345f7439f8ffabdffc4_20210523003259_60a9788bc1ec6

Кейинги жамоаларидан “Рома”да бир ярим мавсум давомида бошланғич таркибга кира олмади. Ярим йилдан бери ўйнаётган “Специя”да ҳам Элдорнинг ишлари кўнгилдагидек кетяпти, деб бўлмайди.

Италия футболи мутахассислари, мураббийлар, таҳлилчилар, журналистлар ва ҳатто мухлислар бир неча бор  Шомуродовнинг ҳақиқай порлаган даври “Женоа”даги мавсумнинг иккинчи ярми эканини жуда кўп бор таъкидлашган. Дарҳақиқат, ўшанда Элдор олтита учрашувда бешта гол уриб, аутсайдерлар қаторидан чиққан жамоасини 11-ўринга кўтаргани бор гап.

Умумий ҳисобда, А Серияда рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилган ўзбек ҳужумчисини Жозе Моуриньо катта умидлар билан “Рома”га олиб келди. Римликлар бу трансфер учун 18 миллион евро харажат қилди.

Шомуродовни қўйиб юборганидан кейин “Женоа”нинг ишлари юришмай қолди. Ўтган мавсумда генуяликлар “Кальяри” ҳамда  “Венеция” билан бирга А Сериядан тушиб кетганди.

Бироқ, Шомуродовнинг собиқ жамоасига кучлилар қаторига қўшилиш учун бир мавсум кифоя қилди. Ёш мураббий Альберто Жилардино генуяликларни яна А Серияга қайтара олди.

Гарчи В Серия баҳслари ҳали якунланмаган бўлса-да, “Женоа” иккинчи ўринга мустаҳкам ўрнашиб қолди ва қолган беллашувлар натижасидан қатъи назар, келаси мавсумни энг кучли 20 та жамоа ичида бошлайди.

Шунингдек, “Фрозиноне” чемпионат пешқадами сифатида А Серия йўлланмасини нақд қилиб бўлган.

 “Венеция” ва “Кальяри” келаси мавсум ҳам қуйи лигада қолиб кетадиган бўляпти. Чунки учинчи йўлланмага даъвогарлик қилаётган “Бари” очколар ҳисобида олдинда бормоқда.

Қизиғи шундаки, Элдор Шомуродовнинг ҳозирги жамоаси – “Специя” юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашяпти. Леонардо Семпличи шогирдлари сўнгги тургача хотиржам бўла олмайди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Шомуродов мавсум якунланиши билан “Рома”га қайтади. “Специя”да ўйини очилиб кетмагани боис, Жозе Моуриньо келаси мавсум ҳам ҳужумчимизни асосий таркибга жалб қилмаслигининг эҳтимоли катта.

Элдор катта эҳтимол билан ёзда ўзига бошқа жамоа қидиради. Вазият шунга қараб кетмоқда.  

749493_original

“Женоа” эса, ёзда барибир таркибини А Серияга мослайди. Балки Шомуродов Генуяга қайтиш вариантини бир ўйлаб кўргани маъқулдир. Ҳар ҳолда шаҳар Элдорга ёққан, жамоа мухлислари футболчимизни ҳурмат қилади, “Женоа” ўзбек легионерини доим қадрлаб келган.

Хуллас, бу ҳам Элдор учун бир вариант. Зеро, ҳамюртимиз А Серияда тўп тепишни ўзи учун муҳим ҳисоблайди. Буни ўтган даврда Туркия, Германия, Франция, Анлгия, Испания клубларидан келган таклифларни қабул қилмаганидан ҳам билиб олиш мумкин.

Шомуродов ва Нзола "Милан"га қарши жасорат кўрсатиши керак!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!