Шомуродов Португалияда ўйнайди!
Европанинг бир неча клубларидан бўлаётган қизиқишга қарамай, Элдор Шомуродов ҳамон “Рома” футболчиси ҳисобланади. Легионеримиз Рим клуби учун ўта муҳим ҳисобланган келаси мавсумга “Рома” таркибида тайёргарлик кўради.
Жозе Моуриньо шогирдлари келаси мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ўқув-машғулот йиғинини Португалияда ташкил этишга қарор қилган. Жамоа Алгарви минтақасидаги Албуфейра курорт-шаҳрида жойлашади.
“Рома” бу ўқув-машғулот йиғини давомида “Спортинг” билан ўртоқлик учрашуви ўтказадиган бўлди. Бу ҳақда “Спортинг” расмий сайти маълум қилди.
Маълумотга кўра, жамоалар 19 июль куни ўзаро куч синашади.
Таъкидлаш жоизки, “Рома” футболчилари 30 июль куни “Тоттенхэм”га қарши ўртоқлик ўйинида ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказади. Бу баҳс Исроилда ташкил этилиши келишиб олинган.
Энг муҳим учрашув 6 августга белгиланган. Шу куни “бўрилар” Каталонияда “Барселона” билан ўйнайди. Бу баҳс Гампер кубоги доирасида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, “Рома” келаси мавсум Чемпионлар лигаси йўлланмаси, Италия кубоги ва Европа лигаси бош соврини учун курашишни мақсад қилган.
“Рома” ўйинчисини тезроқ олмасак бўлмайди!
Жозе Моуриньо ишончини қозана олмаган ёш ҳимоячи Риккардо Калафьори бир неча клуб нишонига тушди.
Биринчилардан бўлиб, бу ўйинчини “Кремонезе” қўлга киритмоқчи. А Серияга чиққан ушбу жамоа таркибини кучайтиришга қарор қилган.
Калафьорини қўлга киритиш учун “Кремонезе” Италиянинг “Салернитана” ва Швейцариянинг “Базель” клублари билан рақобатлашишига тўғри келади. Бу икки клуб ҳам истеъдодли ўйинчини ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Риккардо Калафьори “Рома” асосий таркибига кира олмагач, ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини ижара асосида “Женоа”да ўтказди.
Жозе Моуриньо келаси мавсум ҳам уни жамоа ўйинларига жалб этмаслигини билдирган. “Кремонезе” рақобатчиларни ортда қолдириш учун ўйинчини тезроқ трансфер қилмоқчи. Шу боис томонлар 28 июнь куни музокара белгилаган.
“Рома” Бундеслигадан таклиф олди
“Рома” ярим ҳимоячиси Амаду Диавара келаси мавсумни Германия Бундеслигасида бошлаши мумкин.
Жозе Моуриньо гвинеялик футболчининг имкониятларини жуда паст баҳоламоқда ва Римга келганидан бери унга етарли имконият бермади. Доимий ўйин амалиётига эга бўлишни истаётган футболчи тезроқ бошқа клубга ўтишни мўлжаллаган.
Il Tempo нашрининг хабар беришича, Диаварага Бундеслиганинг икки клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, “Герта” ўйинчининг трансферини сўраб, “Рома”га дастлабки таклифни юборди. Улар Диаварани кейинчалик сотиб олиш шарти билан 500 минг евро эвазига ижарага олмоқчи.
“Шальке” жамоаси ҳам гвинеялик ярим ҳимоячини ўз таркибига қўшиб олишни режалаштирган.
“Рома” спорт директори Тьягу Пинто жамоага керак бўлмай қолган Диаварани ижарага бермасдан тўлиқ сотиб юбориш йўлларини қидирмоқда.
Фикрлар