
Шомуродов "Рома" мухлислари томонидан қаттиқ танқид қилинди. Танқид ўринлими?
А Серия 28-тури доирасида "Рома" сафарда "Эмполи" меҳмони бўлди. Мазкур беллашувда римликлар 1:0 ҳисобида рақибдан устун келди. Матиас Суле томонидан 1-дақиқадаёқ киритилган гол Раньери шогирдларига 3 очко тақдим этди. Мазкур беллашувда ҳамюртимиз Элдор Шомуродов 72 дақиқа ҳаракат қилди. Гарчи, у фаол ўйин кўрсатганига қарамай, ўйинда самарали ҳаракатни ўз ҳисобига ёздириб қўя олмади.
"Рома"нинг инстаграм саҳифасидаги изоҳлар бўлимида Шомуродовни айрим мухлислар танқид қилганига кўзим тушди. Жумладан, қуйидаги коммент айниқса, эътиборимни тортди:
- 116 та ўйинда 14 та гол урган Шомуродов "Рома"да ҳужумчи сифатида ўйнайди. 42 ёшда мен ундан кўпроқ гол ура оламан. "Бўрилар" либосини кийиш бу қадар осон бўлмаса керак. 116 та беллашувда 14 та гол урган ҳужумчини қандай тасаввур қиласиз?
Тўғри, Элдорнинг "Эмполи"қарши ўйинда у қадар ҳам омади юришмади. Айрим голли вазиятларда унга бироз совуққонлик етишмади. Бироқ футболчи тинимсиз югурди, курашди, меҳнат қилди, дарвоза томон зарбалар йўллади. Шунчаки, ундан омад юз ўгирди. Холбуки, бир неча кун аввал "Атлетик Билбао"га гол урган Шомуродов кўплаб римлик мухлисларнинг мақтовизга сазовор бўлганди. Бугун эса тескариси рўй берди. Аслида, бу ҳужумчининг қисмати. Мухлис зоти шундай.Майли, кейинги учрашувда у гол урса, яна томошабинларнинг яна ёқимтой футболчисига айланиб олади.
Умуман олганда, ҳозир Элдор Римдаги энг зўри даврини ўтказмоқда. Унинг ўрнига ўйинга қўшилган Довбикнинг ҳаракатларини ҳам кўрдик. Украиналик футболчига қараганда, Элдор жуда яхши ҳаракат қилди. Буни футболни яхши тушунадиган итальян мухлислар ҳам таъкидлашмоқда. Юқоридаги изоҳга тўхталадиган бўлсак, терма жамоамиз ҳужумчиси илк мавсумда жамоага келганида, у билан биргаликда Абраҳам ҳам сотиб олинганди. Табиийки, Шомуродовни Моуриньо захира футболчиси сифатида кўрди. Ҳамюртимизга унинг даврида асосий таркибда деярли вақт берилгани йўқ ва ҳатто захирадан ҳам жуда кам ҳолатларда кўриниш берди. Кейин эса "Специя" ва "Кальяри"да ижара асосида тўп тепди. Рим грандидаги бошқа мутахассислар қўл остида ҳам Элдор доимо иккинчи вариант сифатида кўрилган.
Кўп ўйинларда иккинчи таймнинг сўнгги 10-дақиқасида майдонга тушган футболчиларда учрашувлар сони билан таққослаганда, гол ва ассистлар камроқ бўлади. 2025 йилдан ҳужумчимиз "бўрилар" сафида доимий ўйин амалиётига эга бўлиб келмоқда ва аста-секин статистикаси ҳам яхшиланиб бормоқда (Жорий йилда у гол+пас системасида 3+2 очко тўплади). Яна шуни унутмаслик керакки, у ўтган ойда "Рома"нинг энг яхши футболчиси бўлди. "Айнтрахт" ва "Атлетик Бильбао"га қарши ўйинларда ўта муҳим голларни урди. Умид қиламизки, форвард уни танқид қилаётган мухлисларга ўзининг голлари билан жавоб қайтара олади. Энг муҳими, Шомуродов Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги қолган 4 учрашувда термамизни голлари билан мундиал сари етаклайди, деган умиддамиз.
Рузматов Муҳаммадқодир
Фикрлар
яна буни устига ахмокни танкиди нотугри!
агарда купрок гол урса нимага професионал футболчи булиб уйнамаяпди?
кимга купрок гол ураяпди?
уйнашни билмайдиганлар ва буш дарвозага хар кандай одам, хатто 72ёшлилар хам куп гол уради.
мархамат професионал клубда уйнаб гол урсин.
танкидни футбол уйнаганлар килиши мумкин