Шомуродов учун курашга яна бир жиддий клуб қўшилди
Қишки трансферлар мавсуми яқинлашгани сари Элдор Шомуродов учун курашаётган жамоалар сафи кенгайиб бормоқда.
Бу борада қизиқ ҳолат кузатиляпти. Дастлабки, “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо етарли даражада имконият бермаётган ҳужумчимиз учун асосан А Сериянинг қуйи қисмидаги жамоалар – “Кремонезе”, “Сампдория”, “Монца”, “Специя” қизиқиш билдираётган эди. Бу жамоалардан бир нечтаси римликларга таклиф билан чиқишга ҳам улгурди.
Хусусан, Элдор Шомуродов “Кремонезе”нинг чорловини қабул қилмагани ва “Сампдория”нинг “Рома” талабини бажаришга кучи етмаётгани ҳақида хабарлар ҳам тарқатилди.
Энди қишки трансферлар очилишига ўн кун атррофида вақт қолган бир паллада Элдорга Еврокубоклар учун курашишга қодир жамоалардан чорлов бўла бошлади. Айни пайтда “Торино” легионеримиз масаласида Рим клуби билан музокара олиб бормоқда.
Томонлар ҳамкорликнинг турли вариантларини ўрганиб чиқмоқда. Шомуродовнинг ўзи ҳам Туринга йўл олишга қарши эмаслиги айтилмоқда.
Италия футболига ихтисослашган https://www.pagineromaniste.com сайтининг хабар беришича, “Фиорентина” ҳам қишки трансферлар даврида ҳужум чизиғини кучайтиришга қарор қилган. Бу клуб йил бошида асосий форварди Душан Влаховични “Ювентус”га қўйиб юборганидан кейин унинг ўрнини босишга қодир ҳужумчи топа олмаяпти.
Флоренцияликлар январда бир неча ҳужумчи учун кураш олиб боришга қарор қилган. “Фиорентина” бош мураббийи Винчецо Итальяно кутаётган ҳужумкор футболчилар рўйхатида Элдор Шомуродов ҳам бор.
Флоренцияликлар “Рома” мутасаддилари Рим клуби Шомуродов трансфери бўйича “Торино” билан музокараларни давом эттираётганини билади. Шунга қарамай, бу “Фиорентина” вакиллари римликлар ўзбек ҳужумчисини қимматроқ баҳолаётганидан фойдаланиб қолмоқчи.
“Рома”га ўйинчини қайси жамоага жўнатишнинг умуман фарқи йўқ. Улар Элдорнинг трансферини тўлиқ харид қилиш мажбуриятини бўйнига оладиган клуб билан савдолашмоқчи. Бу борада “Фиорентина” яхши харидор бўла олади.
“Фиорентина” мутасаддилари фақат Элдорга қариб қолгани йўқ. Улар чап қанот ҳужум чизиғига “Вольфсбург” вакили Йосип Беркалонинг номзодини ҳам лойиқ кўряпти. 14-рақамда ўйнайдиган хорватиялик футболчи Бундеслига жамоасидан кетмоқчи бўлиб юрибди.
Шунингдек, флоренцияликлар ҳужум чизиғини кучайтириш учун “Рома”нинг яна бир ҳужумчиси – Андреа Белоттига ҳам кўз тикмоқда. Италиялик тажрибали тўпурар Римга келганидан бери ҳали ўзини кўрсата олмаяпти.
Таклиф этиладиган ўйинчилар рўйхатига “Аталанта” футболчиси Жереми Бога ҳамда “Болонья” тўпурари Марко Арнаутович ҳам киритилган.
Жорий мавсумда “Фиорентина” олдинги чизиғида ўйнаётган ҳужумчилар ишончни оқлай олаётгани йўқ. Катта умидлар билан “Реал”дан таклиф этилган Лука Йович 14 та учрашувда атиги учта тўп киритди. Бразилиялик Артур Кабрал ҳамда Кот-д'Ивуар ҳужумчиси Кристиан Куаме ўз ҳисобига иккитадан гол ёздириб қўйган холос.
Фикрлар