Тезкор: “Рома” кутилмаганда Шомуродов бўйича жиддий таклифни рад этди!
А Сериянинг бир неча клублари қишки трансферлар вақтида “рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирган.
Ўзбек ҳужумчиси Жозе Моуриньо жамоасида етарли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. Португалиялик мутахассис бир неча позицияда ўйнай оладиган осиёлик легионерга етарли даражада имконият бераётгани йўқ.
Рим клубида марказий ҳужумчи вазифасини Тэмми Абрахам ва Андреа Белотти бажармоқда. Мураббийлар штаби уларга ёрдамчи сифатида олдинги чизиқда Николо Дзаньоло, Пауло Дибала, Лоренцо Пеллегрини, Стефан Эл-Шаарави, Кристиан Вольпато каби ўйинчилардан фойдаланяпти. Элдор асосий вақтини захирада ўтказиб юборяпти.
Элдор Шомуродовнинг ўзи ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида Римдан кетишга қарши эмаслиги айтилмоқда. Бироқ, легионеримиз теўғри келган жамоага ўтмайди ва юқори мақсадлар учун курашаётган клубдан таклиф кутаётган эди. Бунгача Элдор аутсайдер клублардан “Кремонезе”нинг таклифини рад этди.
Ниҳоят, Шомуродов ўтишга мойиллик билдирган клуб – “Торино” римликларга футболчи трансфери бўйича мурожаат қилди.
Футболга ихтисослашган https://romapress.net сайтининг маълум қилишича, “Торино” Шомуродовни мавсум охиригача ижарага олиш бўйича “Рома” мутасаддилари билан музокара олиб борган. Манбанинг таъкидлашича, “Рома” туринликларнинг таклифини рад этган.
Бу маълумотларни тасдиқлаган Tuttosport нашри “Рома” раҳбарияти Шомуродов бўйича фақат тўлиқ трансфер таклифини ёки кейинчалик сотиб олиш мажбурияти билан ижарага сўраган харидор таклифини қабул қилади.
Аввалроқ, Шомуродов трансфери бўйича “Сампдория” ҳам пойтахт клуби раҳбариятига мурожаат қилганди. Лекин ўшанда ҳам клуб спорт директори Тьягу Пинто ўзбекистонлик форвардга мақбул нарх таклиф қилингандагина унинг трансфери муҳокама қилишини айтган.
Трансфер бозорини таҳлил қилиб бораётган нуфузли манбалар “Рома” 27 ёшли ҳужумчисини 11 миллион еврога баҳоламоқда. Римликлар Элдорни ёзда 10 миллион евро таклиф қилган “Болонья”га ҳам қўйиб юбормаган эди.
Аслида ҳужумчимиз римликларга кутилганидан қимматга тушган. 2021 йилнинг ёзида Жозе Моуриньо талабини қондириб, Шомуродовни таркибга қўшиш учун клуб раҳбарияти “Женоа”га 18 миллион евро тўлашига тўғри келган.
Шунга қарамай, Жозе Моуриньо Элдор Шомуродов қандай спорт формасида бўлишидан қатъий назар унга етарли даражада ўйин амалиёти бермаяпти. Хусусан, бу мавсумда А Серия ва Европа лигасида ҳужумчимиз саккизта учрашувда майдонга тушиб, жами 151 дақиқа ҳаракат қилди. Қисқа фурсат ўйнаб, битта тўп киритишга ҳам улгурди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шомуродовга қишки трансферлар ойнаси вақтида яна таклифлар бўлади.
Шомуродовдан воз кечмаймиз!
Ўзбек тўпурарини Польшада кутишяпти!
Ўзбекистон терма жамоасини енгишга мажбур эмасмиз!
Фикрлар