Шомуродов "Ювентус"га қарши ўйинни асосий таркибда бошлайдими?
Италия чемпионати 11-тури доирасида "Женоа" ўз майдонида "Ювентус"ни қабул қилади.
Gazetta dello Sport нашри ушбу ўйин учун жамоаларнинг аҳволи ва таркибдаги рокировкалар ҳақида ўз тахминларини илгари сурди.
Генуяликлар дарвозабони Федерико Маркетти жароҳати боис жамоасига ёрдам бера олмайди, унинг ўрнини Маттиа Перин эгаллайди. Шунингдек, бош мураббий Роландо Маран ҳимоя чизиғида Эдоардо Голданигу, Маттео Бани, Андреа Масьелло ва Лука Пеллегринини майдонга тушириши кутилмоқда.
Нашрга кўра, Жанлука Скамакка ва Марко Пьяца ҳужум тандеми ўйинни асосий таркибда, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов захира ўриндиғида бошлайди.
"Ювентус"да ҳам асосий рокировка ҳужум чизиғида бўлади. Тартиб интизом қўмитаси ўтган ўйинда қизил карточка олган Альваро Моратанинг аппеляциясини қабул қилмаса, унда Пауло Дибала ва Криштиану Роналду жуфтлиги дастлабки дақиқалардан бошлаб майдонда ҳаракат қилади.
Фикрлар