Шомуродовдан хушхабар!
“Кальяри”да ижара асосида тўп тепаётган “Рома”га тегишли ҳужумчи Элдор Шомуродов қарийб уч ойлик танаффусдан сўнг, жароҳатидан тўлиқ қутилиб, сафга қайтди.
Бу ҳақда Сардиния клуби матбуот хизмати расман хабар тарқатди.
- CRAI спорт марказидаги “Кальяри” машғулотлари мухлислар учун очиқ эшиклар куни сифатида ташкил этилди. Жамоа “Карло Энрико Жулини” аренасини ва майдон четини тўлдирган ўз мухлислари кўз ўнгида ишлади.
Машғулотлар жисмоний машқлардан бошланди, кейин техникани ривожлантириш ва тўп билан ишлаш маҳорати бўйича сабоқ берилди, охирида юқоридан пас ва дарвозага зарба бериш такомиллаштирилди.
Элдор Шомуродов бу гал умумий гуруҳ машғулотларида тўлиқ иштирок этди.
Яна битта машғулотдан кейин Клаудио Раньери “Эмполи”га қарши баҳс олдидан оммавий ахборот воситалари ходимлари билан матбуот анжуманида учрашади, - деб баёнот берди “Кальяри” матбуот хизмати.
Элдор Шомуродов декабрь ойининг бошида “Наполи”га қарши учрашувга тайёргарлик кўриш жараёнида ўнг оёқ бармоғи суягини синдириб олган эди. 28 ёшли форвард тезроқ оёққа туриш мақсадида жароҳатини операция қилдирди.
Аввалига жароҳатдан қутилиш учун бир-бир ярим ой вақт кетиши айтилган эди. Бироқ Элдорнинг футболга қайтиши учун кўпроқ вақт талаб этилди. Бунинг оқибатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Қатар мезбонлигида ўтказилган Осиё кубогида иштирок эта олмади.
Италия чемпионатининг қолган қисми Элдор Шомуродов учун муҳим аҳамият касб этади. Бош мураббий Клаудио Раньери тажрибали форвардни жамоани А Серияда олиб қолишга ёрдамлашиш учун таклиф этганди.
Сардинияликларнинг ўзбек ҳужумчисига ишончи катта бўлгани боис, ёзда клуб уни кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди. Келишувга кўра, “Кальяри” Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун “Рома”га 1 миллион евро тўлаган ва мавсум якунлангач, яна 9 миллион евро эвазига трансферни тўлиқ якунланиш ҳуқуқи ҳам бор.
Шомуродов ўтган ёзда “Кальяри” сафига жисмоний тайёргарликка эга бўлмаган ҳолатда қўшилди ва спорт формасини тиклаб олиш учун кўп вақт сарфлади. Бунга энди эришганида ва жамоага фойда келтира бошлаганида оғир жароҳат туфайли сафдан чиқди.
Қишки трансферлар вақтида Шомуродовни “Салернитана” таркибига қўшиб олишга уриниб кўрди. “Рома” билан келишувга эришган салерноликлар ҳужумчига мунтазам ўйин амалиёти беришни режалаштирганди. Манбалар ўзбек футболчиси ҳам жамоани ўзгартиришга тайёр эканини ёзди. Бироқ, Клаудио Раньери ҳамюртимизни қўйиб юборишни истамади.
Энди италиялик тажрибали мураббий чемпионатнинг қолган қисмида Элдорга кўпроқ имкон беришига умид қилиняпти. Қолаверса, жамоада жароҳатлар билан боғлиқ вазият ҳам ҳужум чизиғида Шомуродов хизматларидан фойдаланишни тақозо этмоқда.
А Сериянинг 27-туридан ўрин олган “Эмполи” ва “Кальяри” ўртасидаги муҳим учрашув 3 март куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Файзуллаев “Реал” таклифини қабул қилишга тайёр!
Абдуқодир Ҳусановни табриклашди!
Шомуродов муҳим таклиф кутяпти
Файзуллаевга катта баҳо берилди
Шомуродов ҳақида сўнгги маълумот!
Файзуллаевга эркинлик беринг!
Файзуллаевни 60 миллион евролик юлдузга тенглаштиришди
Ўзбекистонда яна хорижга кетиши мумкин бўлган ўйинчилар борми?
Ўзбек футболчилари легионерга айланишга тайёр
Фикрлар