Шомуродов муҳим таклиф кутяпти
Италия А Серияси қизғин паллага кирди. Чемпионлик учун курашда “Интер” битта ўйин кам ўтказган ҳолда энг яқин таъқибчиси “Ювентус”дан тўққиз очкога ўзиб кетган ва катта эҳтимол билан Симоне Индзаге шогирдлари бу устунликни ҳеч кимга бериб қўймаса керак. Миланликлар кўрсатаётган ўйин сифати ҳам, қайд этилаётган натижалар ҳам шундан далолат бермоқда.
Бироқ юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган жамоалар орасидаги рақобат эса, тобора қизиб бормоқда.
Ҳатто, 13-поғонада бораётган “Эмполи” ҳам ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Чунки хавфли зона вакиллари билан орадаги фарқ атиги беш очкони ташкил қилади.
“Эмполи” баҳорнинг илк учрашувида “Кальяри”ни қабул қилади. Сардинияликлар 20 очко билан 19-ўринда боряпти. Шу боис, бўлажак баҳс лигада қолиш учун курашаётган ҳар икки жамоанинг имкониятларига жиддий таъсир ўтказади.
“Кальяри”да таркиб билан боғлиқ муаммолар бор. Маълумотларга қараганда, Леонардо Паволетти, Марко Манкосу, Пантелис Хацидиакос Тосканиядаги учрашувда Клаудио Раньерига ёрдам бера олмайди. Жароҳатидан энди қутилган Зито Лувумбо ҳам фақат индивидуал тарзда шуғулланмоқда ва майдонга тушишга тайёр эмас.
L'Unione Sarda нашрининг ёзишича, “Кальяри” мураббийлар штаби “Эмполи” билан бўладиган принципиал ўйинга таркиб танлаш борасида бош қотирмоқда.
Ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродов “Эмполи”га қарши бўладиган учрашув олдидан ўйинда иштирок этиш учун мураббийлар штабидан таклиф кутяпти. “Рома”дан келган бу ҳужумчи бўлажак баҳсда таркибдан жой олишининг эҳтимоли катта.
28 ёшли форвард мавсумнинг қолган қисмида сезиларли ўзгаришлар қилишни режалаштиргани аниқ. Чунки Шомуродов ҳозирча жорий мавсумдаги голлари ҳисобини оча олгани йўқ, - деб ёзди италиялик журналист Элия Серра.
Аслида Элдор Шомуродов декабрь ойининг бошида олган жароҳатидан бир неча кун аввал тўлиқ фориғ бўлганди. Тажрибали ҳужумчи умумий гуруҳ машғулотларига эндигина қўшилгани боис, мураббийлар штаби уни аввалги турда “Наполи” билан бўлган ва 1:1 ҳисобида якунланган ўйин қайдномасига киритмаган эди.
“Кальяри” бош мураббийи Клаудио Раньери ҳали Элдор Шомуродовнинг ўйини очилиб кетишидан умидини узгани йўқ.
Қишки трансферлар даврида А Серия аутсайдери “Салернитана” жароҳатда бўлишига қарамай, Элдор Шомуродовни олишга уринган эди. Салерноликлар “Рома”га алоқага чиқиб, “Кальяри”да етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаётган ўзбек ҳужумчисини мавсум охиригача ижарага олишни таклиф қилди.
Бунга “Рома” ҳам, кўпроқ майдонга тушиш истагида бўлган легионеримизнинг ўзи ҳам рози бўлгани ҳақида маълумотлар тарқатди. Ўша пайтда “Кальяри” раҳбарияти янги ҳужумчи олиш учун ўйинчилардан биридан воз кечмоқчи бўлганди. Кетиши мумкин бўлганлар орасида Элдорнинг номи ҳам кўрсатилганди.
Бироқ, сардинияликлар янги форвард топа оламади, Клаудио Раньери эса, Элдор Шомуродовдан воз кечишни истамади ва уни жамоада олиб қолди. Энди тажрибали мураббик ҳужумчимизга имкон бериши кутиляпти. Элдор эса, бу вазиятдан фойдаланиб қолиши шарт.
Фикрлар