
Шомуродовни нималар кутяпти? Римда Элдорнинг келажагини ҳал қилишяпти!
Элдор Шомуродов фаолиятидаги энг муҳим жараёнларни бошдан ўтказмоқда. 29 ёшли ҳужумчи сардорлик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида биринчи маротаба жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда яқин турибди.
25 март куни ҳамюртларимиз сафарда минтақавий саралаш турнирининг “А” гуруҳида уч очко фарқ билан пешқадамлик қилаётган Эрон миллий терма жамоаси меҳмони бўлади. Мана шу учрашув ҳар икки томон учун ўта муҳим аҳамиятга эга.
Шомуродов халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган бир паллада “Рома” раҳбарияти келаси мавсум учун режа тузяпти ва таркибда жиддий ўзгаришларга қўл уришни мўлжаллаяпти.
Италия футболини ёритиб келаётган бир неча нуфузли манбалар, хусусан, playermanager.info сайти Рим клуби биринчи навбатда марказий ҳужумчи масаласини ҳал қилишни энг долзарб вазифа қилиб белгилагани ҳақида маълумот тарқатди.
Sports.uz портали ушбу манба тайёрлаган материалда Элдор Шомуродов асосий қаҳрамонлардан бири сифатида кўрсатилаётгани боис, ушбу маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- Клаудио Раньери ушбу мавсумдан кейин фаолиятини тўхтатишини айтди. Айнан унинг маслаҳати билан клуб келаси мавсум ҳақида ҳозирдан бош қотиришга киришди. Тригорияда келаси мавсумга тайёргарлик муҳокама қилинмоқда.
Кун тартибида марказий ҳужумчи масаласи биринчи планга кўтарилди. Пойтахтликларни қийнаб келаётган муаммолардан бири марказий ҳужумчи масаласидир. Римликлар билан шартномага эга бўлган барча марказий ҳужумчилар – Артём Довбик, Элдор Шомуродов ва Тэмми Абрахам ёзда клубни тарк этиши мумкин. Раҳбарият уларнинг баридан воз кечиш эҳтимоли бор.
Артём Довбик:
Ўтган мавсумда Испания чемпионатида энг зўр тўпурар бўлиб, Ла Лиганинг Пичичи соврини қўлга киритган Артём Довбик ёзда “Рома”га олиб келинганида мухлислар украиналик футболчи тезда Эдин Жеко ёки Ромелу Лукаку даражасига кўтарилишини кутганди.
Гарчи Довбик римликлар сафида 15 та гол ва тўртта ассист қайд этган бўлса-да, унинг умумий ўйини мураббийлар штабига маъқул келгани йўқ. Яқинда Клаудио Раньери украиналик форвардга маслаҳат бериб, у фақат гол уриш билан узоққа бора олмаслигини уқтирган эди.
Дарҳақиқат, Довбикдан жамоанинг ҳужумкорлигига кўпроқ таъсир ўтказиш, тўпсиз ҳам самаралироқ ишлаш, кенг майдон бўйлаб ҳаракатланиш, ҳимояга кўмаклашиш каби муҳим жиҳатларни талаб қилинмоқда.
Римликлар 27 ёшли футболчига 30 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлаб қўйган. Шу боис, клуб ёзда уни айнан шу атрофдаги маблағ эвазига қўйиб юбориши айтилмоқда. Бунга қўшимча тарзда римликлар тўпурарни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага жўнатишга ҳам рози.
Элдор Шомуродов:
Артём Довбикнинг муаммолари Элдор Шомуродовнинг асосий таркибга киришига йўл очди. Ўзбек легионери жамоанинг ҳужумкорлик салоҳиятини кучайтиргани, ўйинга катта таъсир ўтказаётгани, муҳим паллада гол ва ассист муаллифи бўлаётгани уни римлик мухлислар ёқимтойига айлантирди.
Бунгача “Рома” Элдор билан икки марта хайрлашишга яқин келганди. Ёзги трансферлар вақтида Элдорга “Атланта Юнайтед” оғиз солди ва ҳужумчи MLS клубига йўл олишга тайёр эди.
Қишда эса, “Венеция” ўзбек футболчини олишга жуда яқин келди. Клаудио Раньери унинг жамоага қўшган ҳиссаси учун клубдан кетишига йўл қўймади.
Шомуродов айни пайтда “Рома”да муҳим фигурага айланган. Лекин унинг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ёзида тугаши ва ҳужумчи 29 ёшда эканини инобатга олиб, “Рома” мутасаддилари уни келажакдаги узоқ муддатли лойиҳаларга жалб этмоқчи эмас.
Шунинг учун ҳам бу мавсум Элдор Шомуродов учун “Рома” сафидаги охиригиси бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Яна буни вақт кўрсатади.
Тэмми Абрахам:
Тэмми Абрахам мавсум олдидан “Милан”га ижарага жўнатилди. Англиянинг ҳужумчининг келажаги ҳозир “Милан”нинг қарори ва танловига боғлиқ. Миланликлар февралнинг бошида 32 миллион евро сармоя киритиб, “Фейеноорд”дан Сантьяго Хименесни олиб келди. Бироқ мексикалик ҳужумчи ҳали ишончни оқлагани йўқ.
“Милан” катта эҳтимол билан Тэмми Абрахамни Римга қайтариб юборади. Йилига олти миллион евро маош олаётган англиялик форвард “бўрилар”га ҳам керак эмас. Тэммининг келажаги пойтахтдан узоқда.
“Челси” тарбияланувчиси “Милан”да ушланиб қолмаса, яна юртига қайтиб кетиши кутилмоқда. Абрахамга “Вест Хэм” ва “Эвертон” каби клублардан қизиқиш бўляпти. Тэмми ундан қудратли клублардан жой олишга умид қила олмайди, - деб ёзмоқда playermanager.info нашри.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов “Рома”га 2021 йили олиб келинган. Тажрибали ҳужумчимиз жорий мавсумда А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида 28 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига бешта гол ва учта ассист расмийлаштирган.
Фикрлар