Шомуродовни “Ювентус”га жойлай оладиган мутахассислар бор!

Трансфер оламида катта шов-шувни келтириб чиқарган янгилик Италиянинг энг қудратли клуби “Ювентус” А Серияда ўзини кўрсата бошлаган Элдор Шомуродовни олиши мумкинлиги ҳақидаги хабар бўлди. Гарчи ҳали расмий маълумотлар эълон қилинмаган бўлса-да, бу хабар Элдорнинг Ўзбекистон, Россия ва Италиядаги мухлисларига жуда хуш ёқди.

6ab30518211eb90f4df8127d6255a

Айни пайтда кўплаб мутахассислар Шомуродовнинг Туринга кўчиб ўтиш имконияти ҳақида турли-туман фикрларни билдирмоқда. Айримлар, гранд клублар атрофида доим миш-мишлар юз беришини айтмоқда. Хусусан, “Ювентус” тез орада Грациано Пелле, Фернандо Льоренте, Фабио Куальярелла каби ҳужумчиларни олиши ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Энди навбат, Шомуродовга келди, шекилли. Элдорнинг юқорида номи зикр қилинган ҳужумчилардан энг катта фарқи унинг ёшида. Улар ўзбек ҳужумчисидан камида 10 ёшга катта ва фаолиятининг сўнгги босқичини бошдан ўтказмоқда.

Россиянинг таниқли инсайдерларидан бири Нобель Арустамян “Ювентус”нинг Элдорга қизиқаётган бўлса-да, трансфер амалга оширилиши масаласида хулоса қилишга шошилмасликни тавсия қилди. Шу билан бирга, бу хабарга изоҳ берар экан, “шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламаслигини” ҳам қистириб ўтди. У 2018 йилда Tuttosport нашрининг Криштиану Роналду “Юве”га келиши ҳақидаги шов-шувига ҳеч ким ишонмаганини, амалда бу ўзини оқлаганини эслатди. Элдор ва “Ювентус” ҳақидаги хабар манбаси ҳам айнан шу нашр. Арустамян Tuttosport Турин шаҳрининг нашри бўлгани учун ҳам “Ювентус”нинг ички муҳокамаларидан хабардор эканига урғу берди.  

RTX8FW5N_1

Шу ўринда, Арустамян А Серияда мустаҳкам ва кучли алоқага эга бўлган агентларнинг ролини унутмаслик кераклигини уқтирди. Унинг фикрича, Шомуродов билан ҳамкорлик қилаётган агентларнинг қўлидан кўп иш келади. Хусусан, улар Алексей Миранчукнинг “Локомотив”дан “Аталанта”га ўтишини ташкил қилган эди.

Бу ишни амалга оширган ака-ука агентлар – Валерио ва Габриэле Жуффрида Элдор Шомуродовнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган  ProSport Managment компаниясининг яқин ҳамкорларидир. Улар Элдорнинг “Женоа”га трансфер қилинишида ҳам ўз хизматларини аямаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Валерио ҳам, Габриэл ҳам “Ювентус”нинг спорт директори Фабио Паратичи билан жуда мустаҳкам алоқа ўрнатган. Бу ҳам Элдорнинг эҳтимолий трансферида қўл келиши мумкинлиги айтилмоқда. Чунки, замонавий футболда трансферларга масъул бўлган шахсларнинг футбол агентлари билан дўстона муносабати ўйинчини жамоага олиш ёки жойлашда ҳал қилувчи омил бўлгани кўп кузатиладиган ҳолатдир.

ProSport Managment компанияси раҳбари Герман Ткаченко ҳам Элдор Шомуродовнинг ҳозирги ҳолати ҳақида ўз фикрини билдирди.

Айни пайтда Шомуродов ҳеч қандай трансферга муҳтож эмас. У энди “Женоа”да ўйинини топди ва ўзини ҳар томонлама қулай ҳис қилмоқда. Кескин ўзгариш қилишнинг вақти эмас. Агар Элдор шу тарзда ўйнашни давом эттирса, албатта, Италиянинг қудратли клубларига ўтади, - деди Герман Ткаченко.

Шомуродов Италия чемпионатида ва кубоги баҳсларида 11 та учрашувда майдонга тушиб, иккита гол ва бир жуфт голли узатма муаллифи бўлди. Мутахассислар ўзбек ҳужумчисининг ўйини тобора кучайиб бораётганини алоҳида тилга олмоқда.

Албатта, Элдорнинг “Ювентус”га ўтиш эҳтимоли муҳокама қилинаётганининг ўзи ҳам яхши янгилик. Бундан Италиянинг бошқа жамоалари ҳам ўзбек футболчисининг ўйинларини кузатаётган экан, деган хулосага келиш мумкин. Аслида кучли бешлик чемпионатларида самарали ўйнаган футболчи борки, жаҳон футболи жамоатчилиги эътиборига тушиши турган гап. Шундай экан, Шомуродовга бугунги ўйинда ҳам омад тилаб, гол уришини кутиб қоламиз.

1111111111111111111111111111111111111111111111111111111111111111_2

Эслатиб ўтамиз, “Женоа” бугун Тошкент вақти билан 22:00да А Сериянинг 17-турида “Болонья”ни қабул қилади.

Шомуродовга суперклубдан қачон жой очилади?

Яхшиям Шомуродов бор экан!

Супер гол урган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!