Шомуродовнинг устози Ўруновни “Спартак” юлдузига айлантириши мумкин!
“Ростов” бош мураббийи Валерий Карпин жамоасини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатила бошлади. Маълумотларга қараганда, тажрибали мураббий яна “Спартак” бошқарувига қайтиши кутилмоқда.
“Спартак”нинг ҳозирги бош мураббийи Доменико Тедеско мавсум якунланиши билан Германияга қайтишга қарор қилган. У анча олдин клуб раҳбариятини оиласи бағрига кетиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Қолверса, бу мутахассис ўзи истаганидек жамоани жорий мавсумда чемпионлик сари етаклай олмади. “Зенит” Москва клубларининг ҳеч бирини уч йилдан бери чемпионликка яқинлаштирмаяпти.
Айни пайтда Тедеско ўзига юртидан иш қидирмоқда. Бундеслигада унга иш бермоқчи бўлган жамоалар ҳам бор.
“Спартак” эса, Тедесконинг ўрнини босишга қодир мутахассис қидирмоқда. Пойтахт клуби мутасаддилари рўйхатида хориждан ҳам, ички чемпионатдан ҳам номзодлар бор. Улардан бири жамоани 2009-2014 бошқарган Валерий Карпиндир. Карпин “спартакчилар”ни икки марта вице-чемпионга айлантирган. Кейинчалик 2014-2015 йилларда Испаниянинг “Мальорка”сида ҳам бош мураббийлик қилди.
2017 йилдан бери “Ростов”ни Россия премьер-лигасининг кучли жамоалари қаторига қўшди. Ўзи ҳам мураббий сифатида тажриба тўплаб, катта ўсишга эришганини намойиш қилиб келмоқда.
Биз учун аҳамиятли томони, Валерий Карпин юртимизда туғилган футболчиларнинг ноёб истеъдодини кашф қилишга анча уста. Ҳеч кимга сир эмаски, Элдор Шомуродов бугун А Серия даражасидаги ҳужумчи бўлиб етишишида Карпиннинг хизмати катта ва футболчимиз устозидан миннатдорлигини бир неча бор таъкидлаган. Синчков мураббий ўзбек ҳужумчисида ҳеч ким пайқамаган қобилиятларни очиб юборди ва Элдор ҳужум чизиғининг исталган нуқтасида ўйнай оладиган форвардга айланди.
Бундан олдин, яъни “Спартак”да ишлаб юрган кезлари Карпин Бухородо туғилган футболчи – Владимир Обуховни кашф қилган эди. У 2011 йилда ёш ҳужумчини “Спартак” асосий таркибига қўшганди. Кейинчалик Россия ёшлар терма жамоасида ҳам ўзини кўрсатган асли бухоролик ҳужумчи Элдор Шомуродов “Женоа”га ўтиб кетганидан кейин, унинг ўрнига Карпин томонидан “Ростов”га таклиф қилинди.
Хўш, Карпин “Спартак”ни қабул қилиб олса нима бўлади?
Биз учун эътиборли томони шундаки, Валерий Карпин трансфер ҳуқуқи “Спартак”га тегишли бўлган Остон Ўруновнинг ҳам истеъдодидаги яшириш хислатларни очиб бериши мумкин. Чунки жамоани ўз қўлига олган ҳар қандай мутахассис асосий таркиб вакиллари баробарида ижарада ёки ўринбосарлар сафида юрган футболчиларни ҳам синчиклаб ўрганиб чиқади. Москваликларнинг ҳозирги устози Доменико Тедеско Остон Ўруновда кўпчилик тажрибали мураббийлар ва мутахассислар кўрган ноёб истеъдодни юзага чиқара олмади ва легионеримизга ўзини кўрсата олиши учун деярли имкон бермади.
Карпин эса, Остондаги Тедеско кўрмаган жиҳатларни пайқай олишига шубҳа йўқ. Бу Карпиннинг устун томони. У Россия футболига кўплаб номларни очиб берди. Хусусан, бугун Италия клублари назарига тушган ўзбек миллатига мансуб қозоғистонлик футболчи Бахтиёр Зайнутдиновнинг ҳам ўйини айнан “Ростов”да, Карпин қўл остида очилди.
Россия премьер-лигасидаги ягона вакилимиз Остон Ўрунов “Спартак”да бошлаган мавсумини “Уфа”да якунлайди. Уфаликлар ижарага олинган Ўруновнинг келажаги бўйича қарорини ёзда қабул қилади. Бунинг учун жамоа премьер-лигадаги ўрнини сақлаб қолиши керак. Икки клуб келишувига кўра, “Уфа” Остон Ўруновни ўз таркибида олиб қоладиган бўлса, москваликларга 3 миллион евро миқдорида бадал пули тўлайди. Акс ҳолда, ўзбек футболчиси “Спартак”га қайтади. Чунки ўртада 2025 йилнинг ёзигача амал қиладиган профессионал шартнома бор.
Буёғига нима бўлишини вақт кўрсатади. Чунки футбол кутилмаган ўзгаришлар ва воқеалар билан қизиқарлидир.
Фикрлар