"Шўртан" таркиби кучайтириляпти. Суперлигада ўйнаган ўйинчилар ва Баҳрайн чемпионатидан қайтган легионер ҳам бор
Суперлигага чиқишни мақсад қилган “Шўртан” таркибни кучайтираётганидан хабарингиз бор. Бугун ҳам жамоага келиб қўшилган бир қатор футболчилар билан шартномалар имзоланди.
Ўтган мавсумда Бухоронинг «Бухоро» жамоаси шарафини ҳимоя қилган Жасур Холтўраев янги мавсумда ғузорликларга ёрдам беради. Футболчи “Шўртан” билан бир йиллик шартномага имзо чекди.
28 ёшли тажрибали ҳимоячи Миржалол Жумаев ҳимоя чизиғини кучайтирмоқда. Миржалол ҳам Ғузор жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолади.
«Насаф» футбол мактаби тарбияланувчиси, ўтган мавсумда «Бухоро» жамоасида ҳаракат қилган Маҳмуд Жўрабоев ҳам “Шўртан” таркибига келиб қўшилди. Ёш ҳужумчи 2024 йил охиригача жамоа билан бирга бўлади.
Ўтган мавсумда Яйпаннинг «Турон» клубида ҳаракат қилган Сардор Саъдуллаев ҳам янги мавсумни “Шўртан” билан бирга бошлайди. Тажрибали ҳимоячи билан бир йиллик келишувга эришилди.
Сўнги мавсумларда легионер мақомида бўлган дарвозабон Мирзоҳид Маматхонов 2024 йилда Ғузор жамоаси ёрдам беради. Иқтидорли дарвозабон сўнгги мавсумни Баҳрайннинг «Будаия» жамоасида ўтказган.
Шунингдек, ўтган мавсумда “Шўртан” жамоаси шарафини ҳимоя қилган тажрибали ҳимоячи Улуғбек Худойбердиев билан ҳам амалдаги шартнома узайтирилди.
“Шўртан” мураббийлари селекция ишларини давом эттиришмоқда.
«Шўртан» ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар