Шота Арвеладзе: Хоҳласангиз, уч нафар ўйинчи олиб келамиз
12 март куни "Пахтакор" Тошкентда Саудия Арабистонининг "Ал Аҳли" жамоасини Чемпионлар Лигаси 2-тур ўйини доирасида қабул қилади. Бугун ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўртасида ўйиндан олдинги матбуот анжумани ўтказилди. Унда мезбонлар устози Шота Арвеладзе ва футболчи Егор Кримец бўлажак баҳс борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Арвеладзе: - Гуруҳимиздан кучли жамоалар ўрин олган. Ўйинлар кескин ва қизиқарли кечишига шубҳа йўқ. Уйда мухлислар қаршисида ўйнаш ёқимли. Ўйинга жиддий тайёрландик, рақибни ўрганиб чиқдик. Рақиб ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам яхши ўйнайди. Ҳар бир ўйинда ўртача иккитадан гол уришади. Алоҳида бир ўйинчини кўрсата олмайман.
Тактикамизни ҳозир айта олмайман. Акс ҳолда, рақиблар учун барчаси маълум бўлиб қолади. Ўзига яраша режалар тузганмиз.
Кримец жамоа сардори бўлгани сабабли матбуот анжуманларига ташриф буюрмоқда. Хоҳласангиз, уч нафар ўйинчи олиб келамиз.
Кримец: - Ўйинга яхши ҳозирлик кўрдик. Рақибнинг кучли ва кучсиз тарафларини ўргандик. Умар Сома жуда яхши савиядаги ҳужумчи. У жарима майдони ичида ҳаракатларда жуда фаол ҳаракат қилади.
Мухлисларни муҳим ўйинга таклиф қиламан. Эронда кўп сонли ишқибозлар қаршисида ажойиб ўйин бўлди. Биз ҳам уйда шундай муҳитда ўйнашни истаган бўлардик. Мухлисларни бизни қўллаб туришга чақириб қоламан.
Фикрлар