Шота Арвеладзега Нидерландиядан янги ёрдамчи келди. У Хюистра эмас!
“Халл Сити” клубини яқиндан бери бошқаришга киришган Шота Арвеладзе ўзига ёрдамчи мураббийни чорлади. Эндиликда Питер ван дер Вин “Халл Сити”нинг мураббийлар штабидан ўрин олди. Бу хусусида Шота Юстинович шундай деди:
“Мен Питер ван дер Вин “Халл Сити” жамоасига келиб ишлашга рози бўлганидан жуда хурсандман. Унинг тактик ўйин ҳақидаги тажрибаси ва ўзига хос иш услуби барча футболчиларга, айниқса, ёшларга жуда ҳам фойдалидир. Мен у билан бирга ҳамкорлик қилишни жуда ҳам истаяпман. Ўз навбатида жамоадагилар ҳам бу мутахассисни интиқлик билан кутмоқдалар”.
49 ёшли Питер ван дер Вин нидерландиялик бўлиб, у ушбу юртнинг турли ёшдаги терма жамоаларида ишлаган.
Унгача “Пахтакор”да бирга ишлаган ёрдамчиси ва кейинчалик бош мураббийга айланган Питер Хюистранинг Арвеладзе билан бирга ишлаши тўғрисида хабарлар чиққанди. Аксига олиб, ҳозирча бу хабар тасдиғини топгани йўқ ва кўриб турганингиздек, Арвеладзе бошқа мутахассисни ишга жалб қилди.
Эслатиб ўтамиз, “Халл Сити” Шота Юстинович бошчилигида ҳозирча учта ўйин ўтказиб, бир учрашувда ғалаба қозонди ва иккита баҳсда ютқазди. Бугун “Халл Сити” футболчилари “Фулхэм”га қарши майдонга тушишади.
Фикрлар