"Шу ёшга кириб бундай ҳолатни биринчи марта кўришим, "Бунёдкор"ни ҳурмат қилмаса ҳам ПФЛни ҳурмат қилиш керак" - Шуҳрат Мақсудов иштирокида матбуот анжумани

Суперлиганинг 16-тур доирасида “Андижон” – “Бунёдкор” (1:4) ўртасидаги ўйиндан кейин меҳмонлар бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов матбуот анжуманида қатнашди.

- Авваламбор, ўз номимдан ва “Бунёдкор” клуби номидан мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан Ўзбекистон халқини чин қалбимдан табриклайман. Ўйин ҳақида гапиришдан аввал бизни илиқ кутиб олгани учун “Андижон” клуби раҳбари Журъатбекка миннатдорчилик билдираман.

Кечаги машғулотда тушунмовчилик бўлди. Шу ёшга кириб бундай ҳолатни биринчи марта кўришим, бошқа жойда бўлмаган бўлса керак. Машғулотимиз бошланиши билан стадионга “Андижон” жамоаси ҳам кириб келди. Майдонда иккита жамоа шуғулланди. Бундан жуда ҳам ҳайратда қолдим. Машғулотимизни охиригача етказмасдан тўхтатдим. Одатда, меҳмонни ҳурмат қилиш керак, бу ерда нимага бундай бўлди, билмайман. Ҳар холда ПФЛни қонун-қоидалари бор. “Бунёдкор”ни ҳурмат қилмаса ҳам ҳеч бўлмаса ПФЛни ҳурмат қилиш керак, деб ўйлайман. Хуллас, кеча машғулотимизни охиригача етказмасдан чиқиб кетдик.

“Андижон” жамоаси ўйинга тайёргарлик жараёнида барча шароитларни яратибди. Албатта, доимгидек футболчиларимга катта раҳмат. Майдонда меҳнат қилишди ва кўрсатмаларимизни тўлиқ бажаришди.

- Жамоада ёшлар кўп. Улар билан тарбиявий ишлар олиб бориладими?

- Менимча, энг тарбияли ишлар “Бунёдкор”да олиб борилади.

- Фарруҳ Икромов гол ургач, яхши иш қилмади, трибунага қараб...

- Фарруҳни ёшлигидан биламан. “Бунёдкор” халқ учун ўйнайдиган жамоа. Кечирасизу, ўша вазиятда ёмон ҳолатни кўрмадим. Мухлислар нотўғри тушунишган бўлса, Фарруҳ номидан узр сўрайман. Ёмон иш қилгани йўқ.

- “Андижон”ни Суперлигада қолиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Қийин савол бердингиз. Бу – футбол, бу – ўйин. “Андижон” чиройли жавоб голини урди. Уларнинг сафидаги олтита ўйинчи бизнинг тарбияланувчиларимиз. Ижарага берганмиз. Жамоа бемалол қолиши мумкин. Ҳамма жамоада имкон бор. Кейинги ўйинларда “Андижон”га омад тилайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Машрабжон
28/08/2021 06:30
Улар нима қилса ярашовради,вилоят клубларига шолпиллаб қолади