Шуҳрат Раҳмонқулов: "Сурхон"да иш бошлашим кутилмаганда юз берди демаган бўлардим
Қўқонлик таниқли футбол кишиларидан бири Шуҳрат Раҳмонқуловни мухлисларимиз яхши билишади. Ўз пайтида ажойиб ўйинлари билан ишқибозларнинг меҳрини қозонганди. Кейинчалик эса Раҳмонқулов «Пахтакор» клуби тизимида болалар мураббийи сифатида ишлади. Шундан кейин унинг фаолиятида яна айрим ўзгаришлар юз берди. Яқинда унинг «Сурхон»да иш бошлагани ҳақида хабар бергандик. Шу боис бу ҳақида унинг ўзидан аниқ маълумот олиш мақсадида боғланганимизда қуйидаги фикрларни билдирди.
- Куни кеча расман клубда иш бошладим. Унга кўра мени бош директор ўринбосари сифатида тайинлашди. Ҳозирча «Сурхон»да бош директор ва унинг ўринбосари ҳам ишдан бўшаган. Бунгача Алишер ака Рустамов ишлаб келаётганди ва унинг ўрнини мен эгалладим. Ҳозирча жамоада бош директор лавозими ҳам бўш қолгани сабабли яқин орада мени ушбу лавозимга ҳам тайинлашмоқчи. Лекин ўзим бу масалада ўйланиб турибман. Бунгача бош директор бўлиб Баҳром ака ишлаганди.
Шуҳрат Раҳмонқуловнинг «Сурхон»да иш бошлагани балки мухлислар учун кутилмаган янгилик бўлиб туюлган бўлиши мумкин. Бу ҳақида ўзидан сўраганимизда эса шудай деди:
- Мени жамоада иш бошлашим у қадар кутилмаганда юз берди демаган бўлардим. Футболдаги меҳнатларим туфайли клуб раҳбарияти менга ишонч билдиришди. Бу вазиятда ҳеч қандай таниш-билишчилик бўлгани йўқ. «Сурхон»га ҳам ёрдамим тегаётганини раҳбарият кўриб турганди. Гарчи клубнинг машғулот ишларида қатнашмасам ҳам ташкилий ишларда югуриб юрибмиз. Айтмоқчиманки, раҳбарият қилаётган меҳнатларимизни кўриб, баҳолаган ҳолда кейин менга шу лавозимни таклиф қилишди.
Шу тариқа, қўқонлик мутахассиснинг «Сурхон» клубидаги фаолияти бошланди. Эътиборлиси, у клубдаги раҳбарлардан бирига айланди. Шундай экан, эндиликда Раҳмонқулов олдида турган вазифалар ҳам кўпайди. Бу масала бўйича унинг ўзи қандай ишлар билан шуғулланаётганига ойдинлик киритди.
- Менинг жамоадаги асосий ишим кўпроқ ҳужжат ишлари билан ҳам боғлиқ. Ҳозирда «Сурхон»да ишлар жуда кўп. Ўзингиз биласиз, клуб бу йил Суперлигага қайтди. Шунинг учун жамоа олдида қилиниши керак бўлган ишлар анчагина. Масалан, таркибда ҳам жиддий ўзгаришлар бўлди. Яқинда бразилиялик легионерларни олдик. Уларнинг ҳужжатларини ҳам тўғриладик. Хуллас, шу тариқа ташкилий ишлар билан юрибман.
Маълумки, яқинда клубда бош мураббий сифатида иш бошлаган Бахтиёр Ашурматов бир ой ишлаганидан кейин истеъфога чиқариб юборилди. Бу эса мухлис ва мутахассисларда турли фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Шу ўринда Раҳмонқуловдан ушбу вазиятга ҳам муносабат билдиришини сўрадик.
- Жамоадаги муҳит яхши. Бахтиёр Ашурматов ишлаган пайтда ҳам қониқарли эди. Ўз майдонимизда «Насаф»га ютқазиб қўйганимиздан кейин маҳаллий мухлислар жиддий норозилик билдиришди. Натижада шундан сўнг раҳбарият ўйлаб кўриб, мураббийни истеъфога чиқаришга қарор қилишди. Бахтиёр ўзимизнинг укамиз, яхши мураббий. Лекин вазият бундай тус олишини ҳеч ким кутмаганди. Аммо мухлисларнинг эътироз билдирган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Шундан сўнг Ашурматовга вазият тўғри тушунтирилди ва у билан дўстона равишда хайрлашилди. Албатта, Бахтиёр ҳам яхши жамоа тузишга ҳаракат қилди. Лекин раҳбарият қарор чиқарганидан сўнг биз ҳам унга қарши чиқа олмаймиз-да.
Хўш, энди клубга яна янги бош мураббий олиб келинадими? Ҳозирча Ашурматовдан кейин ушбу лавозимни вақтинчалик Владимир Андреев бажариб келмоқда. Бош директор ўринбосари эса бу ҳолатга қуйидагича фикр билдирди.
- Ҳозирча раҳбарият Владимир Андреевга ишонч билдириб турибди. Ўзбекистон Кубогида «Локомотив»ни енгиб чорак финалга чиқдик. Боя айтганимдек, ҳозирча Андреев бош мураббий вазифасини бажариб турибди. Агар яна янгилик бўлса, бу ҳақида албатта хабар берамиз.
Шуни айтиш жоизки, Раҳмонқулов ўтган йили «Қўқон-1912»да фаолият олиб борганди. Ўшанда у собиқ бош мураббий Нўъмон Ҳасановга ёрдам бериб келаётганди. Лекин шундан сўнг унинг бирор жойда иш бошлагани ҳақида эшитмагандик. Ниҳоят, энди «Сурхон»да ишлаётгани маълум бўлди. Аммо аслида ўзининг айтишича, термизликларнинг жамоасига бугун ёки кеча келмаган экан.
- Ҳа, ўтган йили «Қўқон-1912» клубида ишлагандим. У ердан кетганимдан сўнг менга айрим жамоалардан таклифлар бўлганди. Январь, февраль ва март ойларида бўш юрдим. Кейин апрель ойида «Сурхон» раҳбарияти мени жамоага таклиф қилиб қолишди. Шундан бери қўлимдан келганича ҳаракат қилиб келяпман. Бошида мени селекционер мураббий сифатида ишга олишди. Шундан сўнг спорт директори лавозимини беришди. Ҳаммаси босқичма-босқич юз бериб келяпти. Ҳозирги пайтда эса бош директор ўринбосари сифатидаги ишим туфайли зиммамга жиддий вазифа юклатилган. Энди мен кўп нарсага жавобгар бўлдим. Ишлашга кўзим етгани учун ҳам розилик бердим. Менга билдирилган ишончни қўлимдан келганича оқлашга ва «Сурхон»нинг мавқеини кўтаришга ҳаракат қиламиз, - дейди Раҳмонқулов.
Фикрлар