Шунча таклифлар орасидан нега "Қўқон-1912"ни танлади? Футболчи кутмаганмиди?
“Қўқон-1912” клуби ҳам янги ўйинчиларни қўлга киритишни бошлаб юборган. Яқинда хабар берилганидек, “Андижон”нинг етакчиси Фарҳод Бекмуродов 2021 йилги мавсумни қўқонликлар таркибида ўтказиши аниқ бўлди.
Марказда ҳаракатланадиган футболчига Бахтиёр Ашурматов катта ишонч билан қараяпти ва жамоасининг ўйинини кучайтиришига ишоняпти.
Ўз ўрнида Бекмуродов sports.uz сайти мухбири билан мулоқот жараёнида “Қўқон-1912”га кўчиб ўтиши қандай юз берганини гапирди.
- “Қўқон-1912” жамоасига ўтишимга Бахтиёр Ашурматов сабабчи бўлди. Шахсан ўзи мени ўз клубига таклиф қилди. Рости, ўтган йилнинг бошида ҳам, иккинчи давра аввалида ҳам жамоасига чорлаганди. Насиб шу кунга экан, мана энди бирга ишлаймиз, - деди Фарҳод.
Бу ўйинчи катта футболга “Андижон” клуби орқали кириб келди ва шу пайтга қадар фаолиятининг асосий қисмини ушбу жамоада ўтказиб келаётганди. Фарҳод эса шу фурсатдан фойдаланиб у ерда ўтказган йилларини эслаган ҳолда таассуротларини ўртоқлашди.
- “Андижон”даги етти йиллик футболчиликдаги фаолиятимни ўзим учун қониқарли ўтди деб ҳисоблайман. 2016 йили кучлилар сафини тарк этганди. 2017 йили элитага қайтара олмагандик, кейинги йилда бу ишни бажардик. Бу йил таркибимиз кучли бўлмаса-да, “Андижон”ни Суперлигада олиб қолишга муваффақ бўлдик. Тан оламан, клубдан кетишимни кутмагандим. Бироқ қачондир кучлироқ жамоада яна тўп сураман деб ўзимга мақсад қилиб қўйгандим.
Гапнинг очиғи, Фарҳод Бекмуродовни ўз сафида кўришни истаган клублар талайгина эди. Лекин уларнинг орасида “Қўқон-1912” анча эпчиллик қилди. Акс ҳолда футболчи бошқа жамоага кўчиб ўтган бўлиши муқаррар эди.
- Тўғрисини айтаман, мавсум тугаганидан кейин Бахтиёр ака Ашурматов билан кўришиб, ҳаммасини гаплашиб олгандик, - дея мавзуни давом эттирди, Фарҳод. - Ўзингиз ҳам яхши биласиз, бу мураббий 2016 йили “Андижон”да ишлаганида бизга устозлик қилган. Ўшанда менга катта ишонч билдиргани ёдимда. 2021 йилги чемпионатда ҳам бирга ишлаш бўйича таклиф билдирди ва буни қабул қилдим. Тўғри, менга яна бошқа клублардан қизиқишлар бўлди. Улар телефон орқали алоқага чиқдилар. Барчаси билан гаплашдим, вазиятни тўғри тушунтирдим. Мени тўғри тушунишгани учун раҳмат.
Аҳамиятлиси шундаки, “Андижон” қийинчилик билан Суперлигада қолганига қарамай, клуб футболчиларига эътибор юқори бўлмоқда. Шу боис қатор жамоалар “Андижон” футболчиларига кўз тикишяпти. Бекмуродов эса буни шундай изоҳлади:
- “Андижон” жамоасининг ўйинчиларига кўплаб клублардан таклифлар бўляпти. Шу боис аксарият футболчиларнинг ўзига яраша вариантлари бор. Қайси мураббийга кимнинг ўйин услуби ёқса, ўшалар билан ишлайди. Энди “Андижон” таркиби бошқатдан шакллантирилиши айтилмоқда.
Бекмуродов шу пайтгача фақат бир марта “Андижон”дан бошқа клубда ўйнаган. Яъни, бир неча йил муқаддам у “Локомотив” жамоасида ярим мавсум тўп сурган. “Қўқон-1912” эса унинг фаолиятида учинчи жамоага айланди...
- 2017 йили биринчи лигада 3-ўринни олганмиз. Ўша маҳалда ҳеч қандай таклифлар бўлмаётган пайтда Андрей Фёдоров менга қўнғироқ қилиб, “Локомотив”га кел, ўзингни синаб кўр, деб таклиф билдирган ва ўшанда боргандим. Мирко Йеличичга ўйинларим ёққанди шекилли, мен билан шартнома тузишларини айтишди. “Андижон” билан шартномам бўлса-да, мени ижарага бўлса ҳам олишларини билдиришди. Ўша мавсумнинг биринчи даврасидан кейин “Андижон” мени қайтариб олиш ҳуқуқига эга эди ва амалда шундай ҳам бўлди. Бу йил энди бундай бўлмайди. Ўша пайтдан бери ўзим ҳам улғайдим. Қўқонда ўзимни кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қиламан, - деди Бекмуродов.
Фикрлар