Симона Халеп биринчи даврадан энг охирги ўтган теннисчи бўлди
Ads

"Ролан Гаррос" турнирининг регламентига кўра, бугунги кун дастурида иккинчи давра баҳслари бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ об-ҳавонинг ноқулай келиб қолиши, шунингдек, баҳсларнинг чўзилиб кетиши сабаб биринчи давранинг қатор учрашувлари энди якунланмоқда. 

Хусусан, аёллар ўртасида биринчи сараланган теннисчи руминиялик Симона Халеп ҳамда АҚШ вакиласи Элисон Риске ўртасидаги баҳс бир неча дақиқа аввал якунланди. Учрашувнинг биринчи сети Рискенинг 6:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бироқ қолган партияларда ишончли ўйин намойиш қилган Халеп икки сетда ҳам бир хил 6:1 ҳисобларида устун келди.

Таъкидлаш жоиз, айрим иштирокчилар учинчи давра йўлланмасини қўлга киритиб бўлган бир вақтда румин теннисчиси аёллар ўртасида энг охирги бўлиб иккинчи даврага йўл олган иштирокчи бўлди. Айни вақтда эркаклар ўртасида ҳам кечаги дастурдан қолиб кетган қатор беллашувлар бўлиб ўтмоқда.