Сирдарёда белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионати ўтказилди

Жорий йилнинг 28 январь куни Гулистон шаҳрида миллий спорт туримиз — белбоғли курашни Сирдарё вилоятида кенг ривожлантиришга оид учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси президенти Мўмин Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Сирдарё вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, белбоғли кураш федерацияси Сирдарё вилоят бўлими раиси Маъмур Умаров, белбоғли кураш бўйича Сирдарё вилояти бош мураббийи Абдуқаххор Эгамов ва бошқа масъуллар иштирок этдиши.

Учрашув давомида Сирдарё вилоятида белбоғли кураш спорт  турининг оммавийлигини ошириш ҳамда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, вилоятдаги туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган спорт мактабларида белбоғли кураш тўгаракларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда машғулотлар сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мураббийлар малакасини ошириш, уларнинг халқаро ўқув-йиғинлари ва семинарларида иштирокини таъминлаш, хорижий тажрибага эга мутахассисларни вилоятга жалб этиш орқали замонавий машғулот услубларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек,  жорий йилда Гулистон шаҳрида 20 дан ортиқ давлат спортчилари иштирокида белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш режаси ҳам муҳим ташаббус сифатида илгари сурилди. Ушбу халқаро мусобақанинг юқори савияда ташкил этилиши нафақат вилоят, балки республика спорт нуфузини халқаро миқёсда янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, учрашув давомида Сирдарё вилояти ва Осиё белбоғли кураш конфедерацияси ўртасида ҳар томонлама ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар спорт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳалар ва мусобақаларни ташкил этиш бўйича ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.
Якунда келгусида белбоғли кураш спорт турини янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаш ва юқори натижаларга эришиш йўлида ҳамкорликда изчил иш олиб бориш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!