Сирожиддин Қўзиев: "Металлург" билан энг яхши натижаларга эришишни мақсад қилганман"
Хабар бериб ўтганимиздек, “Металлург” клуби ҳам бир қатор янги футболчилар билан шартномалар имзолади. Уларнинг орасида иқтидорли ярим ҳимоячи Сирожиддин Қўзиев ҳам бор.
Ўтган йили “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган ўйинчи кейин легионер сифатида тўп суришни истагани учун Малайзия чемпионатига йўл олганди.
Кўриб турганингиздек, у яна Суперлигамизга қайтди. Sports.uz журналисти Қўзиев билан суҳбатлашди.
- “Металлург” клуби билан шартнома имзоладингиз. Бу жамоадан илк таклиф қачон бўлганди?
- “Металлург” жамоасини таклиф билан чиққанига ҳали кўп бўлмади ва натижада икки кун олдин шартнома имзоладик.
- Бекободликлар таклифини қабул қилишингизда асосий туртки бўлган нарса нима эди?
- “Металлург” яхши шаклланган жамоа. Шу сабабли ўйин жиҳатидан ҳам ажойиб жамоа ҳисобланади. Бекободликларнинг таклифи менга ҳар тарафлама маъқул келди.
- Маълумки, сиз бу йил Малайзия чемпионатида легионер сифатида ўйнадингиз. Хўш, у ердаги фаолиятингиз қандай ўтди? Нимага эришдингиз ва аксинча...
- Ҳа, мавсум аввалида Малайзия жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолагандим. Айтишим мумкинки, у ерда ҳам фаолиятим яхши ўтди. Лекин маълум сабабларга кўра, ортга қайтишимга тўғри келди.
- “Металлург”да ўзингиз учун қайси рақамни танладингиз?
- Ҳали рақам танлаганим йўқ. Бундай нарсаларни футболчи учун биринчи даражали деб ҳисобламайман. Рақам танлашга ҳар доим улгурамиз.
- Олдингизда яна қандай таклифлар бор эди? Масалан, яна Малайзияда қолишингиз мумкинмиди?
- Олдимда бир-иккита таклифлар бор эди. Малайзияга келсак, у ердан аниқ таклиф бўлгани йўқ.
- Cиз “Нефтчи”дан кетаётганингизда легионер фонида фаолиятингизда янги саҳифа очаётгандингиз. Энди эса Суперлигага қайтдингиз. Бу сиз учун нимани англатади?
- Бу ниманидир англатади, деб ҳисобламайман. Барчаси Аллоҳ хоҳлаганидек бўлади. Насиб қилса, яна легионер бўларман.
- “Металлург” клуби билан нимага эришмоқчисиз? Масалан, олдингизга қандай мақсад қўйдингиз?
- “Металлург” жамоаси билан энг яхши натижаларга эришишни мақсад қилганман. Бунинг учун бор кучим билан жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар