“Сити” иқтидорли ўйинчисидан воз кечадиган бўлди
Жорий мавсум Англия Премьер-лигаси чемпионлигига ҳаракат қилаётган “Манчестер Сити” ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида январь ойида “Борнмут” тўпурари Антуан Семеньони ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Агар бу трансфер амалга ошса, “шаҳарликлар” сафини иқтидорли ёш ўйинчилардан Оскар Бобб тарк этишига тўғри келади.
Talksport нашри маълумотларига кўра, 25 ёшли ганалик ҳужумчининг Манчестерга келиши шундоқ ҳам кам ўйнаб келаётган Боббнинг ўйин амалиётисиз қолиб кетишига сабаб бўлади. Шу боис, манчестерликлар 22 ёшли норвегиялик футболчини бошқа клубга қўйиб юборишга қарши эмас.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Оскар Боббга АПЛнинг икки клуби – “Кристал Пэлас” ва “Фулхэм” қизиқиш билдирмоқда.
Transfermarkt экспертлари ҳисоб-китобига кўра, Оскар Боббнинг бозор қиймати 25 миллион еврони ташкил қилади. Жорий мавсумда у Хосеп Гвардиола жамоасида 15 та ўйинда 1 та голли узатма амалга оширган.



Фикрлар