Сиз унутмаган Николай Ширшов - ҳозирги ҳаёти, терма жамоамиздаги фаолияти, ким билан фахрланиши ва юртимизга қайтиш ё қайтмаслиги ҳақида

Николай Ширшов миллий терма жамоамизнинг етакчиларидан бири бўлган ҳолда кўп йиллар тўп сурган. Ўз вақтида “Пахтакор”да анча мавсумни ўтказганидан кейин Николай фаолиятини давом эттириш учун Россияга кетди ва шу бўйи ўша ерда қолди.

Ёдингизда бўлса, Ширшов “Ростов” сафида беш йил давомида муносиб тўп сурганлигини яхши биламиз. Кейинчалик ҳамюртимиз Россиянинг биз учун у қадар яхши таниш бўлмаган клубларида тўп сурди. Футболчилик фаолиятини тугатганига анча бўлди.

Натижада Ширшов ҳақидаги хабар ва янгиликлар деярли бўлмади. Гўёки, биз уни йўқотиб қўйгандек эдик. Лекин Николайни Ростовда эканлиги тўғрисида эшитгандик. “Ростов” клуби академиясида мураббий бўлиб ишлаётган ҳамюртимиз Андрей Акопянц орқали уни топдик.

Маълум бўлишича, Николай Ширшов Ростовдан унча узоқ бўлмаган Новошахтинск шаҳрида яшаб келмоқда. Собиқ футболчимиз ҳозир нима иш билан шуғулланаётгани ҳақида шундай деди:  

-  Фаолиятимни тамомлаганимдан сўнг, менга БЎСМ (болалар ўсмирлар спорт мактаби)ни бошқариш таклифи билан чиқдилар. Мана, беш йилдирки, ўша мактабда мураббий бўлиб ишлаяпман. Ишларим жойида, ҳаммаси яхши.

Рости, у бизнинг Ўзбекистондан эканлигимизни билгач, бундан қувонганини яширмади. Унга эса юртимизда ҳамон ишқибозлар Николай Ширшовни ёқимли хотиралар билан эслашларини айтганимизда ўз-ўзидан олдинги воқеалар ёдига тушди. 

ширшов4

-  Албатта, мени ҳамон эслаб туришгани учун ўзбекистонлик футбол ишқибозларига катта салом йўллайман! Дарҳақиқат, Ўзбекистон билан боғлиқ менда жуда яхши таассурот, хотиралар қолган. Ахир мен ўша ерда туғилиб катта бўлганман ва футбол ўйнашни бошлаганман. Футболчилик ҳаётимдаги энг ёрқин дамлар эса бевосита терма жамоа иштирокидаги ўйинлар билан боғлиқ. Киритган барча голларим, мураббийлар штабида кимлар ишлагани ва кимлар билан тўп сурганимни жуда яхши эслайман, - дея ўтмишини ёдга олади Ширшов.

Ҳа, ҳаммадан ҳам, Николайнинг миллий терма жамоамиздаги ўйинлари ажойиб чиққан. Баъзи футболчилар бўладики, улар клубидаги ўйинларини термада кўрсата олишмайди. Лекин Ширшов бундай эмасди, клубида ҳам, терма жамоада ҳам барқарор ўйнай олишни эпларди. Мухлислар орасида эса айнан Николай ўйнаган терма жамоани ҳозиргисидан кучлироқ, деб ҳисоблайдиганлари ҳам бор. Ширшов эса, ўзи ўйнаган терма билан бугунги кундагисини солиштирар экан, бизга шундай деди:

ширшов6

- Ростини айтсам, бу масалада жавоб қайтаришим қийин. Чунки ўйнаётган чоғларимда бу ҳақда ўйламасдим. Агар иккала жамоага четдан назар ташланса, иккиси ҳам ёмон ўйин намойиш этмаган. Иккала терма жамоа ҳам жуда яхши кўринади. Ўзим тўп сурган кезларда жамоа ичи ва унинг атрофида нималар юз бераётганини доим билиб турардим. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, хотирамда энг сақланиб қолган ўйинлар бу терма жамоа либосидаги ўтказган барча беллашувлардир. Айтишим керакки, ўйинчи сифатида энг олий мақсадим жаҳон чемпионатида тўп суриш эди. Бахтга қарши мен ўйнаган кезларда мундиалга чиқишга оз қолганига қарамай, бунинг иложи бўлмаган. Умид қиламанки, энди бугунги терма жамоа узоқ йиллардан бери армон бўлиб келаётган жаҳон чемпионати финал босқичи йўлланмасига эга чиқиб, миллионлаб мухлисларни бениҳоя қувонтира олади.

Ўз вақтида Ширшов бошқаларнинг энг севимли футболчиси ҳам бўлган. Ўзи эса қайси ўзбекистонлик ўйинчини ёқтириши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай деди:

-  Менинг назаримда, ўзбекистонлик энг яхши легионер сифатида Миржалол Қосимов гавдаланади. У мен билан ўйнаган ижрочилар орасида шубҳасиз энг яхшиси бўлган. Менга унинг ўйини, техникаси ва тактикаси ёқарди.

ширшов3

“Ростов”да ўйнаган собиқ ўйинчи сифатида Элдор Шомуродовга ҳам тўхталди.

-  Элдор ўзини “Ростов” клубида жуда яхши томонлама кўрсатди. Ўз навбатида, Шомуродов голлар киритишни бошлаб юборганидан сўнг, маҳаллий мухлислар меҳрини янада кўпроқ қозонганди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, эндиликда Шомуродов жаҳондаги энг кучли лигалардан бири саналадиган Италия А сериясида тўп суришга киришди. Мана шундай йигит менинг юртдошим бўлганидан фахрланаман. Энди бундай кейин у тўп суришни бошлаган “Женоа” клубига мухлислик қиламиз, - деди Николай.

ширшов5

Анча вақтдан буён Россияда яшаб келаётган ҳамюртимиз юртимизга қайтадими? Ўзбекистонда мураббийлик қилиш хоҳиши борми? Унга шу каби савол билан мурожаат қилдик.

-  Ҳозирда ҳаваскорлар жамоасини бошқаряпман. Кейинчалик ўзимни профессионал мақомдаги клубда ҳам синаб кўриш истаги йўқ эмас. Ўзимни спортнинг ушбу туридаги мураббий сифатида тасаввур қиляпман. Мураббий сифатида Россиядами ёки Ўзбекистонда ишлашнинг мен учун фарқи йўқ. Энг асосийси, ҳаётимни футболсиз тасаввур қила олмайман, - дея жавоб берди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!