Славче Войнески: "Черан яна 1-2 йил юқори савияда ўйнай олади"
Бекободда “Металлург” – “Пахтакор” (0:2) ўртасдаги ўйиндан кейин меҳмонлар бош мураббийи Славче Войнески беллашув хусусида фикрларини билдирди.
- Биринчи бўлим икки қисмдан иборат бўлди. Учрашувни яхши бошладик, бироқ кейинчалик шогирдларимда бироз чарчоқ юзага келди. Бекободга Тошкентдан келиб футбол ўйнаш исталган жамоага осон эмас, биз икки ярим соат йўл босдик. Иккинчи бўлимда қандай футбол ўйнаш керак бўлса, шундай йўл тутдик. Футболчилар талаб қилинган вазифаларни бажаришди. Иккинчи бўлим жуда яхши ўтди. Ғалаба билан шогирдларимни табриклайман. Чемпионлар Лигасидан сўнг бироз оғир даврни бошдан кечирдик. Турнирдаги ўйинлар қисқа муддат оралиғида ўтказилди, бунинг натижасида жуда кўп энергия йўқотдик. Шундан сўнг миллий чемпионатда юқори суръатга тушиб олишимиз қийин бўлди. Жамоада салоҳият юқори, иккинчи даврада анча кучаямиз. Ўзимиз қандай ўйнашни хоҳласак, бу борада машғулотларда ишлаймиз. Ўйлашимча, иккинчи давра биз учун яхши руҳда ўтади.
Ўйинчиларнинг ҳолатини доим таҳлил қиламиз. Шу сабабли ва турли позицияларда тўп тепа олишини билганимиз учун Ҳамробековни ҳимоя марказига жойлаштирдик. У ўйин жараёнини яхши назорат қила олади.
Черан "Пахтакор"нинг энг яхши ўйинчиларидан бири, қолаверса, у жамоада анчадан бери ўйнаб келмоқда. Ўйлашимча, ҳужумчи яна 1-2 йил давомида юқори савияда ўйнай олади. Унга ўринбосар сифатида бошқа футболчиларни тайёрлаб боришга ҳаракат қиляпмиз, масалан, Холматовни ушбу позицияда синаб кўряпмиз. Агар у етарлича тажриба тўплай олса, бу нуқтада кучли футболчига айланади. Бугунги ғалабани мухлисларга ҳам бағишлаймиз, улардан ўтган ўйиндаги мағлубият учун узр сўрайман. Улар бизнинг қўшимча ўйинчимиз, ўтган баҳсда уларни ранжитдик. Бугунги муваффақият тўлиқ уларники деб айта оламан.
“Пахтакор” матбуот хизмати.
Фикрлар