"Собиқ жамоадошларимизнинг нималарга қодирлигини билардик, бизга 3 очко сув ва ҳаводек зарур эди". "Қўқон-1912"нинг ғалабасида унинг қанчалик ҳиссаси борлигини биласизми?

“Қўқон-1912” клуби Суперлиганинг 4-турида ўз майдонида Бекободнинг “Металлург” клубини қабул қилди. Муросасиз ўтган учрашувда майдон эгалари кичик – 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўтган турдаги мағлубиятдан кейин қўқонликлар бу сафар мухлисларини ғалаба билан қувонтира олди.

“Қўқон-1912” жамоасининг биринчи рақамли дарвозабони Музаффар Абдуллаев ўзига билдирилган ишончни оқлади. Боиси, ўйин мобайнида меҳмонлар унинг дарвозаси томон йўл топа олмадилар. Чунки бир қатор вазиятларда Абдуллаев жамоасини голлардан қутқариб қолди. Беллашувдан сўнг, Музаффар Sports.uz мухбири учун таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Авваламбор, халқимизни муборак Рамазон ойи билан чин қалбимдан табрикламоқчиман. Ғалаба билан қутлаганингиз учун раҳмат. Ўйин жуда қизиқарли кечди, деб ўйлайман. “Металлург”га қарши жанговар ўйин бўлди. Биласизми, бу беллашувда уч очко бизга сув ва ҳаводек ниҳоятда зарур эди. Шунинг учун учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. Майдонда мураббийимизнинг кўрсатмаларини имкон қадар, қўлдан келганича бажаришга ҳаракат қилдик. Жамоамизни қўллаб турган мухлисларимизга катта раҳмат. Ушбу ғалабамизни айнан жонкуяр ишқибозларимизга бағишлаймиз.

абдуллаев3

“Металлург” чемпионатни ёмон бошламаганди. Ҳар ҳолда бунгача бир ғалаба ва икки дуранг қайд этиб, мағлубиятга учрамай келаётганди. Бу турга келиб қўқонликлар томонидан тўхтатилди. Бунинг устига “Металлург”да “Қўқон-1912”нинг собиқ футболчилари ҳам бор эди.  

- Биз “Металлург” жамоасининг ўйинларини олдиндан кўриб чиққандик. Бекободликлар ҳар доим кучли жамоа бўлган. Шунинг учун ҳам уларга қарши осон ўйин бўлмаслигини яхши билиб тургандик. Устига-устак “Металлург”да собиқ жамоадошларимиз ҳам тўп суряпти. Уларнинг нималарга қодирлигини билардик. Натижада ўша футболчиларни ўз ўйинини кўрсатишларига имкон бермадик, - дейди дарвозабон.

абдуллаев4

Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” дастлабки 4 та турда 2 та ғалаба ва 2 та мағлубият қайд этди ва ҳозирча дурангни четлаб ўтяпти. Аммо бекободликларга қарши учрашувда кўпчилик “Қўқон-1912”нинг олдингиларга қараганда анча яхши ўйнаганини таъкидламоқда. Шу ўринда, Музаффар Абдуллаев жамоасининг мана шундай старти юзасидан ҳам муносабатини айтиб ўтди.

- Мавсум энди бошланди. Дастлабки учта турдан хулоса қилиб айтадиган бўлсам, “Металлург” билан бўлиб ўтган беллашувда анча яхши ҳаракат қилдик. Ўзингиз ҳам яхши биласиз, чемпионат аввалида бир қатор футболчилар жамоамизни тарк этди. Сафимизга янги қўшилганлар эса аста-секин жамоага мослашиб бормоқда. Худо хоҳласа, “Қўқон-1912” бундан кейин ҳам янада яхшироқ ўйнай олади. Ишонаманки, биз ўйиндан-ўйинга кучайиб бораверамиз.

абдуллаев5

Ҳозирча, ортда қолган 4 та ўйинда “Қўқон-1912” 2 та гол урди ва ўз дарвозасидан 3 та тўп ўтказиб юборди. Аммо жамоанинг мақсади жиддий. Ўзбекистон кубогида ҳам мураббий камида финалгача келиш мақсади борлигини айтди.

- Шахсан мен ҳар бир ўйинга худди финалдек тайёрланаман. Ҳар қандай дарвозабон ҳам майдонга тушганида, аввало, ўз дарвозасидан гол ўтказмасликка ҳаракат қилади. Ахир дарвозабон ярим жамоа, деб бежизга айтишмайди. Менга ишонаётган инсонларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Мураббийимиз ҳам бу борада менга ишонч билдиряпти. Ўзимдаги барча масъулиятни яхши тушуниб турибман. Бизга “Нефтчи” ҳамда “Навбаҳор”га қарши учрашувларда омад етишмади.

Мен мураббийимизнинг фикрларига қўшиламан. Худо хоҳласа, жамоамиз билан Ўзбекистон кубоги финалигача боришни  амалда кўрсатишга ҳаракат қиламиз, - дея фикр билдирди Музаффар Абдуллаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!