"Сўғдиёна" - "Навбаҳор" учрашуви олдидан муҳим маълумотлар

Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” сафарда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси меҳмони бўлади. Наманганликлар матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.

Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионатларида ўзаро 51 марта учрашишган. Ушбу ўйинларнинг 25 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 19 та баҳсда зафар қучган, 7 ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар фарқидаги кўрсаткич 88-59, “лочинлар” фойдасига.

Наманганликлар ўзаро ўйинларда 82 очкони қўлга киритишган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 64 очко мавжуд.

“Навбаҳор” – “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган. Ўшанда "Навбаҳор" футболчилари Наманганда жиззахликлар дарвозасига 7 та жавобсиз тўп киритганди.

Сермаҳсуллик борасида эса 2000 ва 2014 йиллардаги учрашувлар тарихда қолган. Эътиборлиси, ўша ўйинларда дарвозаларга тўққизтадан гол урилган. 2000 йили Наманганда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 6:3 ҳисобида зафар қучишган бўлса, 2014 йили Жиззахда ўтказилган баҳсда “Сўғдиёна” 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Жиззахда шу пайтгача бўлиб ўтган 25 баҳснинг 18 тасида мезбонлар ғалаба қозониб, 3та учрашувда дурангга имзо чекишган ҳамда 4та баҳсда мағлубиятга учрашган.

Ушбу жамоаларнинг Наманганда бўлиб ўтган биринчи даврадаги учрашувида жиззахликлар Шоҳруз Норхоновнинг голи эвазига 1:0 ҳисобида зафар қучишганди.

Эслатиб ўтамиз, “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” ўйини 8 август куни Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 20:00 да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!