"Сўғдиёна" ҳужумчисига "Локомотив" жиддий қизиқмоқда. Футболчи қаерда тўп сурмоқчи?

“Сўғдиёна” сафида энг яхши ўйинчилардан бири бўлган Шохруз Норхоновга харидорлар чиқмоқда. Бу табиий ҳол, аслида. Ҳужумчи жиззахликлар сафида 24 та учрашувда 12 та гол урди. Бу билан у жамоасининг энг яхши тўпурари бўлди. Sports.uz сайтига кейинги фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича ойдинлик киритди.

-  Мавсум бошида кўп хатоларга йўл қўйиб керакли очколарни йўқотдик, - дея гап бошлади Норхонов. - Охирида ўзимизга керакли очколарни жамғариб, вазифани бажардик. Мақсад 6-ўринни эгаллаш эди. Ҳаммаси сўнгги турларда ҳал бўлди. Буни биз учун яхши натижа деса ҳам бўлади, айниқса, йўқотилган очколарни ҳисобга олганда. Жамоада ҳамма охиригача дадил курашди. Айниқса, натижа учун сўнгги турларда барча футболчилар бирдек курашдик.

-  Лекин “Сўғдиёна” ўтган йили 4-ўринни қўлга киритганди...

-  Ўйлашимча, мавсум бошида хатоларга йўл қўйдик. Кейин тўхталишлар бўлди, ўйинлар ҳар хил пайтларда бошланди. Пандемия шароитида тўп суриш қийин эди. Барибир ўзимизни ҳам хатоларимиз таъсир қилди ва очколарни кўп йўқотиб қўйдик.

-  Ҳужумчи сифатида иштирокингизга ўзингиз неча баҳо қўйган бўлардингиз?

-  Ҳали юқори баҳо қўймасдим ва баҳо қўйишни ҳам билмайман. Бу йилги натижада асосан жамоадошларимнинг ўрни катта бўлди. Улар орқали шу натижага эришдик.

норхонов3

-  Янги мавсумни “Локомотив”да бошлашингиз ҳақида эшитдим. Бу қанчалик рост?

-  Тўғри, “Локомотив” клуби менга таклиф билан чиқди. Улар билан гаплашдим, аммо ҳали охирги тўхтамга келганимиз йўқ. Мен ҳали “Сўғдиёна”да қолишим ҳам мумкин. Ёки бошқа клубга, ё хорижга кетишим ҳам мумкин. Ҳали аниқ эмас.

-  Сир бўлмаса, хориждан қайси жамоалардан таклифлар бўляпти?

-  Ўзим ҳам ҳали билмайман. Бироқ таклифлар борлиги ҳақида айтишди. Қачонки, аниқ бўлса, ўшанда барчаси билинади.

-  “Сўғдиёна”да қолиш бўйича имкониятингизни неча фоизга баҳолайсиз?

-  Билмадим. “Сўғдиёна”да қолиш имкониятим кўпроқ бўлса керак деб ўйлайман. Ҳали ҳаммасини ўйлаб кўряпман. Ҳозирча охирги қарорни айтмадик.

-  “Сўғдиёна”да ўзингизни кўрсатдингиз, ўсишга эришдингиз. Балки энди бошқа клубда ўз сўзингизни айтиш вақти келгандир...

-  Бу ҳам тўғри гап. Олдин ҳам бошқа клубларда тўп сурганимда шундай ҳолатлар бўлган. “Сўғдиёна”да ёмон натижа кўрсатмадик, аксинча, яхши жамоага айландик. Кучлилар сафига киришда давом этяпти. Келаси йили “Сўғдиёна” медаллар учун курашадиган жамоа бўлади ва таркиби ҳам шунга яраша йиғилади. Чунки икки йил давомида яхши натижаларга эришди. Шу боис балки учинчи йили бундан ҳам яхшироқ натижалар кўрсатиши мумкин. Агар клубда қолсам, келаси йилга медаллар учун курашишга ҳиссам тегиб қолар.

норхонов2

-  Улуғбек Бақоев билан ҳам кейинги тақдирингиз хусусида гаплашдингизми?

-  Ҳа, мураббий билан гаплашганман. Ҳали охирги тўхтамга келмадик. Бақоев билан икки йил бирга самарали ишладик. У ҳам “Сўғдиёна”да қолишимни тарафдори. Бундай мураббий билан ишлашни ўзим ҳам хоҳлайман.

-  “Обод”да ўйнаган пайтингизда сизни “Ўзбекистонлик Неймар” деб аташарди. Ҳозир ҳам шундайми?

-  Йўқ, ҳозир бундай деб чақиришмайди. Ўша пайтда ўхшатишган бўлишса керак. Қайтанга, ўз исмим билан чақиришгани яхши.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!