"Сўғдиёна" у ерда хурсандчилик қила олмаяпти...
Суперлиганинг 20-тури Навоийдаги ўйин билан якунига етади. У ерда майдон эгалари “Қизилқум” Жиззахнинг “Сўғдиёна”сини қабул қилади. Ушбу учрашувга жамоалар турнир жадвалида қайси ўринда етиб келганлигини билсангиз керак-а? Мезбон жамоа - “Қизилқум” 14 очко билан 13-поғонада, “Сўғдиёна” 23 очко билан 10-поғонани банд этиб турибди. Лигада жон сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан курашаётган навоийликлар бу турда уч очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйса, жадвалда бир поғона юқорилайди.
Ўтган турда навоийликлар Суперлигада ниҳоят янги бош мураббий Жамшид Саидов бошчилигидаги илк ғалабасини қўлга киритишди. Тошкентда “Сурхон”га қарши баҳсда 2:1 ҳисобидаги қимматли ғалабани нишонладилар. “Сўғдиёна” ҳам ўтган турни ғалаба билан тамомлашга яқин келганди. Ўз майдонида “Пахтакор” билан бўлиб ўтган ўйинда майдон эгалари 1:0 ҳисобида олдинда бораётгандилар. Охирги дақиқаларда пенальти орқали жиззахликлар гол ўтказишди ва дуранг билан кифояландилар.
“Сўғдиёна” бош мураббийликка Иван Бошковични олиб келганидан кейин яхши томонга ўзгарди. Бу жамоа ўйинида ҳам, натижаларида ҳам билиняпти. Шунинг учун яқинда жиззахликлар Бошкович билан амалдаги шартномани узайтирдилар. “Қизилқум”ни бошқараётган Жамшид Саидов олдига эса клубни Суперлигада сақлаб қолиш вазифаси қўйилган. Бу йўлда Саидов ва унинг жамоаси учун ҳар бир учрашув финалга тенг.
Жорий чемпионатнинг биринчи даврасидаги баҳсда “Сўғдиёна” 1:0 ҳисобида рақибидан устун келган. Ўзаро ўйинлар тарихи бўйича жамоалар чемпионат доирасида 41 бор рўбаро келганлар. “Қизилқум”нинг ҳисобида 18 та ғалаба бор. Бу борада “Сўғдиёна” 10 ўйинда муваффақият қозонганини айтишимиз мумкин. 13 та учрашувда жамоаларнинг кучлари тенг келиб қолган. Тўплар нисбати 55\39 “Қизилқум”нинг фойдасига.
Биласизми, “Сўғдиёна” Навоийдаги ўйинларнинг 8 тасида дуранг натижа билан қайтган. Лекин шу пайтгача жиззахликлар “Қизилқум” майдонида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олмай келмоқда. Демакки, Навоийда “Қизилқум”га қарши ўйнаш “Сўғдиёна” учун ноқулай ҳисобланади.
Ғалабадан бошқаси ўйламаётган “Қизилқум” қандай бўлмасин “Сўғдиёна”нинг қаршилигини енгиши шарт. Бундай қизиқарли тўқнашувда ҳамма нарсани кутса бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар