“Сўғдиёна” янги қиёфага кириб боряпти...ми?

Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ёзги йиғинини биринчилардан бўлиб бошлагани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Айни чоғда жамоа аъзолари Зоминда қизғин ҳозирлик кўрмоқдалар. Қолаверса, 18 июндан чемпионатимизда трансфер ойнаси ҳам очилди. Очиғини айтганда, ёзги тайёргарлик жараёнида катта ўзгариш айнан “Сўғдиёна” жамоасида юз бериши кутилмоқда. Айтиш керакки, бунинг учун жиззахликлар дастлабки қадамларни ташлаб бўлишган. Айниқса, таркибда жиддий ўзгаришлар бўлиши аниқ.

Бош мураббий Сергей Лушан жамоани қабул қилиб олганидан кейин ҳартугул натижалар бироз бўлса-да яхшиланди. Лекин шунга қарамай, “Сўғдиёна” ҳали кучли олтиликка кира олганича йўқ. Жамоанинг асосий вазифаси эса ўша олтиликдан жой олиш. Шу боис Лушан учун ҳам ёзги йиғин айни муддао эди. У аллақачон селекция ишларини бошлаб юборган. Хабарингиз бўлса, мавсум ўрталаридаёқ “Насаф”ни тарк этган жиззахлик футболчи Санжар Рашидов яна “Сўғдиёна”га қайтиб келганди. Ундан олдин эса Дониёр Одилов ва Жаҳонгир Абдумўминов жамоани тарк этишганди. Сергей Иванович эса имкон қадар таркибни ўзи истаган даражага келтиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун “Сўдиёна” раҳбарияти мураббийга барча шароитларни яратиб беряпти. Молиявий томондан эса муаммо йўқ ҳисоби. Шунинг учун таркибга тажрибали ўйинчиларнинг қўшилиши эҳтимоли юқори. Шуни ҳам айтиш жоизки, Лушан яқинда клубни тарк этадиган футболчиларнинг рўйхатини эълон қилди. Унда эса ҳаттоки жамоанинг етакчилари ҳам бор. Бунгача Акмал Холмуродов билан Азамат Исроилов “Сўғдиёна”ни тарк этишганди. Булардан ташқари, жамоа сардори Дилмурод Каримов ҳам энди ўзига бошқа жамоа қидирадиган бўлди. Ростини айтганда, унинг жиззахликлар жамоасидан кетиши бироз кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳар холда мавсум бошида “Сўғдиёна”га келган футболчи қисқа фурсат ичида жамоанинг етакчисига айлана олганди. Шунингдек, чемпионат бошида яна бир таклиф қилинган ўйинчилардан бири Дониёр Ҳасанов ҳам “Сўғдиёна” лагерини тарк этди. У ҳам Лушаннинг режаларидан ўрин олмади. Эътиборлиси, Каримов ҳам, Ҳасанов ҳам марказий ярим ҳимоячилар ҳисобланишарди. Энди мураббий марказни бошқа ўйинчилар билан қурмоқчи. Улардан бири эса шубҳасиз Санжар Рашидов.

Умуман айтганда, “Сўғдиёна” трансфер ойнасидан фаол фойдалаши маълум. Бу борада мураббий кўплаб ўйинчилар билан музокаралар олиб бормоқда. Ҳаттоки, жиззахликлар “Насаф” етакчилари – Славко Лукич, Азиз Ғаниев, Драган Черан каби футболчиларга ҳам оғиз солгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Шу билан бирга Жасур Ҳасановга ҳам таклиф билан чиқишганди. Аммо Ҳасанов билан боғлиқ масалада “Сўғдиёна” омадсизликка учради. Боиси Жасур “Сўғдиёна”ни эмас, балки ОКМКни танлашга қарор қилди. Юқорида жиззахликлар сафини ярим ҳимоячилар тарк этишгани ҳақида айтиб ўтгандик. Уларнинг ўрнини тўлдириш учун Санжар Рашидовдан ташқари шунингдек, Жавоҳир Соҳибов ҳам жамоа машғулотларга қўшилганини эътироф этиш жоиз. “Пахтакор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ўйинлари билан мухлисларга яхши таниш бўлган таянч ярим ҳимоячиси охирги пайтларда жароҳатга учрагани боис майдонда кўринмай қолганди. Айни пайтда у соғайиб яна фаолиятини бошлаш арафасида турибди. Ҳозирча у Лушан бошчилигидаги “Сўғдиёна”нинг йиғинларида иштирок этяпти.

Яна бир гап: Сергей Лушан таркибни кучайтириш режасини легионерлар ёрдамида ҳам амалга оширмоқчи. Маълум бўлишича, бир қатор хорижлик ўйинчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Имкон қадар легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланишни режалаштиришган. Фикримизнинг исботи сифатида шуни айтишимиз мумкинки, “Машъал”ни тарк этган македониялик футболчи Жалил Асанига Сергей Лушан қизиқиш билдирган. Натижада ушбу ўйинчи “Сўғдиёна”дан тушган таклифга розилик билдирди ва айни пайтда жиззахликларнинг йиғинига қўшилган. Қолаверса, “Машъал”нинг яна бир ўйинчиси – ҳужумчи Ихтиёр Тошпўлатовга ҳам “Сўғдиёна” қизиқиш билан қарамоқда. Аслида ушбу футболчи учун “Сўғдиёна” бегона эмас. У бунгача ҳам мазкур жамоа шарафини ҳимоя қилганди. Бу йил эса “Машъал”га қайтиб келган. Аммо жиззахликлар Тошпўлатовни яна ўз сафларига қайтариш учун муборакликларга расман таклиф билан чиқишган. Ҳозирча “Машъал” бу таклифни ўйлаб кўряпти. Сергей Лушан эса ёзги селекция давомида деярли барча чизиқларни кучайтиришни мақсад қилган. Кўриниб турибдики, бунинг учун ушбу жамоада барча имконият мавжуд.

Эътибор берган бўлсангиз, “Сўғдиёна”ни шу қисқа вақт ичида кучли жамоага айлантиришмоқчи. Албатта, бу бирданига юз берадиган иш эмас. Лекин раҳбарият имкон қадар имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш йўлларини изламоқдалар. Шу боис яқин орада жиззахликлар таркибида яна бошқа тажрибалироқ ўйинчилар пайдо бўлса бундан сира ажабланманг. Ростини айтганда, олдинлари футболчилар “Сўғдиёна”да ўйнашни унчалик хоҳлашмасди. Ҳозир эса вазият ўзгарган. Керак бўлса ўйинчиларнинг ўзлари фаолитини Жиззахда давом эттириш истагида юрибдилар. Бу нимадан далолат? Энди “Сўғдиёна” жамоасининг ҳам қиёфаси ва имиджи ўзгариб бормоқда. Шуни алоҳида айтиш жоизки, ёзги йиғин давомида ушбу жамоа сафида яна эътиборга молик ўзгаришлар давом этади. Воқеалар ривожини эса биргаликда кузатиб борамиз.  

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!