"Сўғдиёна"нинг ОФК кубогидаги рақиби "Хўжанд" билан яқиндан танишамиз

Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби ОФК кубоги плей-офф босқичида Тожикистоннинг “Хўжанд" жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу ўйиндаги ғалаба икки жамоа учун ҳам ўта муҳим.

Биз "бўрилар" ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Унинг тарихи, ўтмишда қайд этган натижалари, ҳозирги даражаси, ўйин услуби ва шу каби нарсалардан яхшигина хабардормиз. Бироқ рақиб "Хўжанд" ҳақида нималарни биламиз? Бу клуб ички ва халқаро майдонда қандай мавқега эга? Таркибда қандай футболчилар ҳаракатланади? Клубнинг тарихи ҳақида қандай маълумотлар бор? Шу ҳақда SPORTS.uz мухбири Шоҳрух Зоиров қуйида батафсил тўхталиб ўтади.

хўжанд

Клуб тарихи

"Хўжанд" жамоасига 1976 йилда асос солинган. Унгача ҳам шу номдаги ҳаваскор клуб СССР чемпионати иштирокчиси бўлган "Помир"га футболчилар етказиб бериш билан шуғулланган. Кейинчалик хўжандликлар ҳам алоҳида жамоа сифатида мамлакат биринчилигида иштирок этган.

Рақибимиз сўнгги икки йилда Тожикистон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритиб келмоқда. Жамоа бу мавсум ҳозирча 6-поғонадан жой олган. Охирги 4 йил клуб кетма-кет ОФК кубогида иштирок этиб келмоқда. Эсингизда бўлса, "хўжанд" ўтган йили шу мусобақада "Насаф" билан бир гуруҳдан жой олганди. Ўзаро ўйинда вакилларимиз 3:0 ҳисобида зафар қучган. Учрашувда голларга Акмал Мозговой, Ҳусниддин Алиқулов ва Шерзод Насруллаев муаллифлик қилганди.

"Бургутлар" Тожикистон кубогида 4 марта ғолиб бўлган, мамлакат суперкубогининг 4 карра вице-чемпиони саналади. Қайд этиш лозим, "Хўжанд" бу мавсум илк маротаба ОФК кубоги гуруҳ босқичидан ўтишга муваффақ бўлди.

кхўжанд

Ҳозирги ҳолати

Рустам Ходжаев шогирдлари юқорида айтиб ўтганимиздек миллий чемпионатда 7-ўринда кетмоқда. Ўтказилган 10 баҳсда Темур Малик юрти вакиллари 3 ғалаба, 4 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган. 10 та жамоа ичида 7-поғонада экани биз учун қувонарли бўлиши мумкин. Аммо рақиб бор эътиборини битта ўйинга қаратса, "Сўғдиёна"га етарлича муаммо туғдириши мумкин.

ОФК кубогида "бургутлар" "F" гуруҳидан жой олганди. Ушбу гуруҳда 3 жамоа бўлиб, "Хўжанд" 2 ўйинда 4 очко жамғариб, учлик ичида 1-ўринни қўлга киритди.

хўжандд

Раҳбарият, мураббий ва футболчилар ҳақида

Ушбу клуб раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ҳисобланади. Клуб спорт директори лавозимида Муроджон Умаров иш олиб боради. Бош мураббий юқорида айтиб ўтганимиздек, Рустам Ходжаев саналади.

Ходжаев асосан, фақат Тожикистонда мураббийлик билан шуғулланган. У клуб бош мураббийлигига келишидан аввал айни пайтда "Қизилқум" бош мураббийи бўлиб турган Никола Лазаревичга айнан "Хўжанд"да ёрдамчилик қилган. Шунингдек, у Тожикистоннинг кўп карра чемпиони "Истиқлол"да селекция ишларига маъсул ходим бўлган. 2016-2018 йиллар оралиғида мутахассис Тожикистон терма жамоаси мураббийлар штабидан ўрин олган. Шу билан бирга унга ўша вақтда хўжандликлар бош мураббийи лавозими ҳам ишониб топширилган.

Бу маълумотлардан кўриниб турибдики, қўшниларимиз бош мураббийи ўз мамлакати, хусусан, "Хўжанд"нинг қандай ўйин ўйнаши кераклигини жуда яхши билади. Унинг етарли тажрибага эга экани таржимаи ҳолидан ҳам маълум бўлиб турибди.

Футболчиларнинг кўпи Тожикистоннинг ўзидан, табиийки. Аҳамиятлиси, жамоада 5 нафар ўзбекистонлик легионер бор. Шунингдек, яна 2 россиялик футболчи "Хўжанд" шарафини ҳимоя қилади. Ўзбекистонлик легионерлар сифатида Дилмуҳаммад Очилов, Самандар Очилов, Фирдавс Абдусалимов, Шаҳбоз Салимбоев ва Хушнуд Бозоров номи келтирилган. 

Клуб сардори ҳужумчи Жаҳонгир Эргашев ҳисобланади. Шунингдек, у бу мавсумда хўжандликларнинг тўпурари бўлиб турибди. Жаҳонгир ҳисобида 3 та гол мавжуд.  

Ушбу ўйин осон ўтмаслиги аниқ. Нима бўлганда ҳам биз "Сўғдиёна"га муваффақият тилаб қоламиз. Ҳалқаро майдонда ҳар бир клубимизнинг ютуғи биз учун ўзгача қадрга эга.

 

"Википедия" ва "Трансфермаркт" маълумотлари асосида Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!