Сўнгги сонияларда Қатар самалиётига чипта олган "енгилмас шерлар", гуруҳда аутсайдер дея қаралаётган, лекин "чиқилмаган ёнғоқ" ҳисобланган Камерун ҳақида

ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиал стартига 5 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "G" гуруҳининг сўнгги вакили Камерун терма жамоаси орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

Жамоа ҳақида

Камерун футбол федерацияси. Лақаби — “енгилмас шерлар”

Ташкил топган йил: 1959 йил (ФИФАга 1962 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Ргобер Сонг
Жамоа сардори: Венсан Абубакар

Илк расмий учрашуви: Камерун – Франсуз Сомалиси 9:2 (1960)
Энг йирик ғалаба: Камерун – Франсуз Сомалиси 9:2 (1960)
Энг йирик мағлубият: Жанубий Корея – Камерун 5:0 (1984)

Камерун терма жамоаси айти пайт ФИФА рейтингида 43-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси эса 11-поғона бўлиб, 2009 йилда ушбу ютуққа эришган. “Енгилмас шерлар”нинг энг ёмон кўрсаткичи эса 79-ўриндир.

Камерун терма жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги тарихи

Қатардаги мундиал Камерун терма жамоаси учун ўз тарихидаги саккизинчи жаҳон чемпионати ҳисобланади. Улар олдинги олтита мусобақада гуруҳдан чиқа олмаган бўлса, фақат 1990 йилда россиялик мутахассис Валерий Непомнящей бошчилигида камерунликлар Руминия, Аргентина ва СССРни орда қолдирган ҳолда кейинги босқичга чиқишни уддалаган. Камерун 1/8 босқичида Колумбияни ҳам мағлуб этишди, аммо чорак финалда Англияга имкониятни бой берди. Улар қўшимча вақтда гол ўтказиб, инглизларга мағлуб бўлган эди.

ЖЧ-2022да Камерун плей-оффга чиқиш имконияти мавжуд бўлган гуруҳга тушди. Бразилия муаммосиз биринчи ўринни эгаллаши тахмин қилинмоқда, аммо иккинчи ўрин учун кураш кескин бўлиши табиий. Камерун ҳам Сербия, ҳам Швейцария билан бемалол рақобатлаша олади. Бироқ мутахассислар уларни аутсайдер дея атамоқда.

Турниргача босиб ўтган йўли

Африка қитъасида жаҳон чемпионати учун саралаш 3 босқичдан иборат. Биринчи босқичда ФИФА рейтингида 26-ўриндан пастда бўлган (Африка қитъаси бўйича) 28 та жамоалар қатнашади (27 дан 54-ўрингача). Ушбу босқичда муваффақиятли иштирок этган жамоалар саралашнинг иккинчи қисмига йўл олади ва унда 40 та жамоа 4 тадан бўлиб, 10 та гуруҳга бўлинган ҳолда ЖЧ учун курашни давом эттиради. 10 та гуруҳнинг ғолиблари 3-босқичда 5 та жуфтликка бўлиниб, ўйнашади ва ғолиб ЖЧга йўл олади.

Камерун терма жамоаси ЖЧ саралаш босқичидаги иштирокини иккинчи босқичдан бошлади. Улар Кот-д’Ивуар, Мозамбик ва Малави билан “D” гуруҳидан жой олди ва 15 очко билан биринчи ўринни эгаллаб, учинчи босқич йўлланмасига эга чиқди.

Қуръага кўра, “енгилмас шерлар”нинг рақиби Жазоир бўлди. Камерун дастлабки ўз майдонида кечган баҳсда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Сафардаги беллашувда эса ирода кўрсата олиб, ЖЧга йўлланма қўлга киритди. Блида  шаҳрида кечган жавоб баҳсида дастлаб меҳмонлар ҳисобни очди. Мазкур натижа асосий вақт охиригача ўзгармади ва ўйин экстра таймларга ўтди. Иккинчи қўшимча таймнинг охирида, аниқроғи 118-дақиқада жазоирликлар ҳисобни тенглаштирди. Камерун эса қайсидир маънода мундиалдан умидини узгандек кўринди,  бироқ ундай бўлмади. Учрашув ҳакам ўйинга 4 дақиқа қўшиб берди ва “енгилмас шерлар” ўз лақабига мос равишда ҳаракат қилди ва 124-дақиқада ўзининг ўйиндаги иккинчи голини киритди. Меҳмонда киритилган тўп эвазига камерунликлар Жазоирдан Қатар йўлланмасини тортиб олди.

Жамоа етакчилари

Андре-Франк Замбо-Ангисса – ярим ҳимоя чизиғининг асосий футболчиси. "Наполи"нинг 26 ёшли ярим ҳимоячиси кўп йиллар давомида Камерун терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келади. Андре Италия клубига ўтишдан олдин “Вильярреал”, “Фулхэм” ва “Марсель” каби жамоаларда ўйнаган.

Карл Токо-Экамби – Камеруннинг асосий ҳужумкор футболчиларидан бири. “Лион”нинг чап қанот вингери “енгилмас шерлар” сафида 50 та ўйинда 12 та гол урган. Унинг ажойиб техникаси бор. Агар унга таъриф берадиган бўлсак, унинг ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмайди дея оламиз. Эслатиб ўтамиз, айнан Токо-Экамбининг Жазоирга урган голи Камерунга Қатардаги ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишга ёрдам берган.

Венсан Абубакар — жамоа тўпурари ва сардори. 30 ёши футболчи “енгилмас шерлар” сафида 87 та ўйин ўтказган бўлиб, айни пайтда жамоанинг энг кекса футболчиси ҳисобланади. У  Камерун сафида 33 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган ҳолда жамоасининг энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Шу боис, сардорлик боғичи ҳам айнан “Ан-Наср” футболчисига ишониб топширилган. Абубакар жисмонан кучли ҳужумчи ҳисобланади. Унинг яхшигина тезлиги ҳам бор. Айтиш керакки, Венсан ва Шупо-Мотинг тандеми камерунликларга жуда катта фойда келтиради.

Умаман олганда, Камерунда Европа клубларида ўйнайдиган топ даражадаги футболчилар етарлича. Аммо биз барчасини санаб ўтмаймиз, лекин Андре Онана, Бриан Мбемо ва Эрик-Максим Шупо-Мотинг номларини алоҳида келтиришимиз лозим.

Камерун терма жамоаси  “Transfermarket” порталида деярли 155 миллион еврога баҳоланган. Терма жамоанинг энг қиммат футболчиси Андре-Франк Замбо-Ангисса ҳисобланади. Унинг нархи 38 миллион еврога баҳоланган. Кейинги ўриндан Мбеумо Брян 28 миллион евро билан жой олган  (Англиянинг “Брентфорд” клуби ҳужумчиси). “Интер” дарвозабони Андре Онана эса 15 миллион евро билан кучли учликка якун ясаган.

Камерун терма жамоасининг ЖЧ учун чақирилган футболчилар рўйхати:

Дарвозабонлар: Андре Онана (“Интер” Милан), Дэвис Эпасси (“Абха”), Симон Нгапандуэтнбу (“Марсель”).

Ҳимоячилар: Николя Н'Кулу (“Арис” Салоники), Коллинс Фай (“Аль-Тай”), Нуу Толо (“Сиэтл Саундерс”), Жан-Шарль Кастеллетто (“Нант”), Оливье Мбезо (“Филадельфия Юнион”), Энсо Эбосс (“Удинезе”), Кристофер Ву (“Ренн”).

Ярим ҳимоячилар: Андре-Франк Замбо-Ангисса (“Наполи”), Пьер Кунде (“Олимпиакос”), Самюэль Ум Гуэ (“Мехелен”), Мартин Онгла (“Верона”), Гаэль Ондуа (“Ганновер”), Оливье Нтчам (“Суонси”), Жером Онгене (“Айнтрахт” Франкфурт).

Ҳужумчилар: Муми Нгамалё (“Динамо” Москва), Жорж-Кевин Нкуду (“Бешиктош”), Венсан Абубакар (“Ан-Наср”), Карл Токо Экамби (“Лион”), Жан-Пьер Нсаме (“Янг Бойз”), Брайан Мбемо (“Брентфорд”), Эрик Чупо-Мотинг (“Бавария”), Кристиан Бассогог (“Шанхай Шэньхуа”), Мару Суаибу (“Котон Спорт”).

ЖЧ-2022даги тақвими

1-тур
24 ноябрь. Швейцария – Камерун;
2-тур
28 ноябрь. Камерун – Сербия;
3-тур
2 декабрь. Камерун – Бразилия.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!