“Спартак”даги ўзгаришлар Ўрунов фаолиятига таъсир қиладими?
Жорий мавсумда Россия премьер-лигасида чемпионлик ва Европа чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашаётган “Спартак”да тез орада катта ўзгаришлар бўлиши кутиляпти. Ҳозирча, бу жамоа асосий рақобатчилари – “Зенит” ва ЦСКА билан бир хил – 32 тадан очко жамғариб, пешқадамлар сафида бормоқда.
Шунга қарамай, клуб раҳбарияти ёзда таклиф этилган бош директор Шамиль Газизовнинг фаолиятидан қониқмаяпти. Маълум бўлишича, “Уфа”дан таклиф этилган Газизовнинг трансфер сиёсати клуб раҳбариятига маъқул келмади ва пойтахт клуби унинг ваколатларини бажариш учун янги спорт директорини ишга олди. Газизов ёзда Александр Кокорин ва Остон Ўруновни трансфер қилган эди. Кейинроқ, “Челси”дан Виктор Мозес ижарага олинди. Бу транферлар кутилган эффектни бермади. Натижада, раҳбарият қишки трансферлар олдидан спорт директори лавозимига бошқа мутахассисни таклиф этди. Энди Газизов асосий ваколатларини Дмитрий Поповга топширишга мажбур.
“Спартак” Шамиль Газизов бундан буёғига қандай усулда ишлаши ҳақида келишиб олмоқчи. Айни пайтда томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қиляпти. Воқеаларни кузатиб бораётган манбаларнинг тасдиқлашича, асосий ваколатларидан айрилган Шамиль Газизов “Спартак”да ишламоқчи эмас. У бу борада клуб таклифини қабул қилмади.
Биз учун аҳамиятли томони шундаки, Шамиль Газизовнинг клубдан кетиши ва бошқарувдаги ўзгаришлар Остон Ўруновнинг фаолиятига бевосита таъсир қилиши мумкин. Чунки Газизов ҳамюртимизни Россия футболига олиб кирган мутахассис ҳисобланади. У ўз ҳаракатлари эвазига Остонни “Локомотив”дан “Уфа”га олиб ўтган. Кейинчалик Газизов ўзбек футболчисини “Спартак”га трансфер қилди.
Журналистлар кўп интервьюларда Газизовга Остон Ўруновнинг трансфери бўйича кўп савол беради. Бош директор уларга доим бир хил мазмунда жавоб қайтарган. Унинг таъкидлашича, Остон Ўрунов катта салоҳиятга эга ва уни тўғри тарбиялаш муҳим. У яқин келажакда ҳар қандай жамоага катта фойда келтирадиган футболчига айланади.
Шунингдек, Газизов ўзбек футболчисининг имкониятларини билган ҳолда, харидор бўлган ЦСКА ва “Рубин” каби жамоаларга Остонни бериб қўйиши хато бўлишини таъкидлаган эди.
Россия футбол жамоатчилигида икки хил позиция кузатилмоқда. Бир гуруҳ мухлису мутахассислар Газизовни “Спартак”га Александр Кокорин ва Остон Ўруновни олгани учун кескин танқид қилиб келмоқда. Бошқалар эса, Остон Ўруновнинг ёшлигини инобатга олиб, ўзбек футболчиси “Спартак”га мослашиб олгач, жамоага катта фойда келтиради, деган фикрни илгари сурмоқда.
Аввалроқ, Шамиль Газизов қишки трансферлар вақтида Остон Ўрунов бошқа жамоага ижарага берилиши ёки умуман тўлиқ трансфер қилиниши мумкинлигини таъкидлаганди. Ҳозирча, бош директор вазифасида қолаётган мутахассис ўзбек футболчисига Россия премьер-лигасидан ташқари хориж клубларидан ҳам таклифлар борлигини айтмоқда.
Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, 16 декабрь куни “Зенит” билан бўладиган учрашув Шамиль Газизов учун “Спартак”даги охирги ўйин бўлиши кутилмоқда. Агар Газизов клубдан кетадиган бўлса, “Спартак” шартномани муддатидан олдин бекор қилгани учун 3 миллион евро миқдорида компенсация тўлашига тўғри келиши мумкин.
Фикрлар