“Спартак”га алам қилсин! Ўрунов нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди
Ўтган йили “Уфа” таркибидаги мазмунли ва креатив ўйинлари билан Россия премьер-лигасининг гранд клублари эътиборини тортган Остон Ўрунов “Спартак”нинг ўша пайтдаги бош директори Шамиль Газизов ундови билан москваликлар таркибига қўшилган эди.
Тўғриси, “Спартак”да ўзбекистонлик футболчига етарлича имконият берилмади. Остон премьер-лигада “Зенит”га, Россия кубогида “Родина” қарши учрашувларда бошланғич таркибда майдонга тушди. Питерликлар билан бўлган ўйинда нафақат ўзбек футболчиси, бутун бошли “Спартак” ҳеч нарса қила олмаган эди. “Родина” билан бўлган баҳсда Ўрунов ўз усулида бир неча ҳимоячини алдаб ўтиб, супергол урди ва учрашувнинг энг яхши ўйинчиларидан бўлди.
Қолган баҳсларда Доменико Тедеско ҳамюртимизни бир неча дақиқага майдонга туширди холос. Гарчи германиялик мураббий ўзбек футболчисининг ёшлигини инобатга олиб, унга етарлича вақт ва ўйин амалиёти беришга тайёрлигини бир неча маротаба таъкидлаган бўлса-да, амалда ундай бўлмади.
Остон “Спартак” даги учрашувларда ўз ўйинини намойиш қилиш тугул, югуриб терлашга ҳам етарли вақтга эга бўлмади. 20 ёшли ярим ҳимоячимизнинг “Спартак”даги ярим мавсумлик фаолияти танқидлар ва Сергей Юран томонидан билдирилган туҳматлар остида ўтди.
Ниҳоят, Остон Ўрунов яна “Уфа”га қайтди. Уфаликлар ўзбек футболчисининг трансферини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан мавсум охиригача ижарага олди. “Уфа” бош мураббийи Рашид Раҳимов ўзбекистонлик футболчи “Спартак”даги фаолиятидан кейин собиқ жамоаси ўйинига қайта мослашиши кераклигини таъкидлаганди.
Бироқ, премьер-лига доирасида “Химки”га қарши ўтказилган учрашувда Остон ҳамон анча яхши ўйнай олишини кўрсатди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида эркин ҳаракатланган ҳамюртимиз аниқ пас узатиш ва рақибни алдаб ўтишда “Уфа” ўйинчилари орасида энг яхши кўрсаткични қайд этди.
Россия кубогининг нимчорак финалида “Урал”га қарши баҳсда Остон Ўрунов яна юқори даражада ўйнай олишини исботлаб қўйди. Илк дақиқалардан майдонга тушган легионеримиз иккинчи бўлимда голли пас узатиб, ғалабага замин яратди. Тўпни икки ҳимоячидан моҳирона ўтказа олган Остон Тимур Жамолиддиновни голли позицияга олиб чиқди.
62-дақиқада “Уфа” пенальти тепадиган бўлди. Бунда ҳам Остоннинг хизмати бор. Пенальтига олиб келган ҳужум давомида уфаликлар уч бор бурчак тўпини тепди. Шулардан иккитасини ўзбек футболчиси ишлади.
Яна бир вазиятда Остон Ўрунов рақиб жарима майдончаси яқинида тўртта рақибни алдаб, дарвозага хавф солди, бироқ зарба ноаниқ кетди. Иккинчи ҳолатда унинг аниқ зарбасини рақиблар бартараф этди.
Ушбу учрашувда 3:0 ҳисобида зафар қучган уфаликлар Россия кубогининг чорак финалига йўлланма олган Москванинг “Локомотив”, “Динамо”, ЦСКА, Сочининг “Сочи”, туланинг “Арсенал”, Грознийнинг “Ахмат” ва Миллий футбол лигасининг ягона вакили – Самаранинг “Крилья Советов” жамоалари қаторига қўшилди.
Фикрлар