“Специя” тўпурари Фиори Шомуродовнинг устун томонларини аниқлаб берди!
“Специя” тарихидаги энг зўр тўпурарлардан бири Франческо Фиори ўзи ўйнаган жамоа раҳбарият қишки трансферлар даврида “Рома”дан ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни ижарага олганига муносабат билдирди.
Франческо Фиори фаолиятининг энг юксалган даврини “Специя”да ўтказиб, 1999-2004 йиллар давомида шу жамоада тўп тепган. Чап қанот ҳужумчиси “Специя” сафида жами 105 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига ўттизга тўп киритган ва жамоадошларини саккиз марта голли пас билан таъминлаган.
- Мен Элдор Шомуродовни “Женоа” таркибидаги ўйинларини яхши эслайман. Ўшанда у Италия футболи учун кашфиётлардан бири бўлган эди.
Элдорга “Рома”да қийин бўлди, ўзини кўрсатишига ўйин схемаси салбий таъсир қилди, деб ўйлайман. Жозе Моуриньо қўллаган ўйин услубида ўзини кўрсатиши анча қийин бўлди. Кам ўйнаганига рақобатнинг кучли экани ҳам сабаблардан бири.
Шунга қарамай, Рим клубидаги учрашувларда ўзини яхши томондан кўрсата олган ўйинлар ҳам бор.
Унинг ижобий хислатларидан биринчи навбатда катта тезлиги ва координацияси зўрлигини таъкидлаш керак. Тўпсиз самарали ҳаракат қилиши ҳам эътиборга молик.
- Шомуродов “Специя”га ёрдам бера оладими?
- “Специя” ҳозир Шомуродов “Женоа”да ўйнаган даврда генуяликларнинг футболига ўхшаш ўйин кўрсатяпти. Айниқса, мураббий алмаштирилганидан кейин бу ёққол сезила бошлади.
Бош мураббий Шомуродовни жамоанинг асосий тўпурари Мбала Нзолага ҳужум чизиғидаги шерик сифатида кўряпти. Мен уларнинг бирга ўйнай олишига умид қиляпман.
Шомуродов қисқа паслар билан ўйнашга уста, Нзола кенг майдон бўйлаб ҳаракат қилишни яхши уддалайди.
Уларнинг иккиси ҳам жуда тезкор ва майдондан бир бирини тўлдириб ўйнай олади. Шуни инобатга олиб, Шомуродов “Специя” учун яхши вариант, - деди Франческо Фиори.
Эслатиб ўтамиз, легионеримиз янги жамоасига ижарага ўтди. Ҳамкорлик 30 июнга қадар давом этади. Рим клуби специяликларга футболчини трансфер қилиш ҳуқуқини бермади. Демак, мавсум якунланиши билан Шомуродов пойтахтга қайтади.
“Специя” ҳамюртимиз учун Италия чемпионатидаги учинчи жамоа бўлди. Дастлаб, “Женоа”да тўп тепган Элдор генуяликлар сафида барча турнирларда 32 та учрашувда майдонга тушиб, саккиз марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди.
Бир мавсумдан кейин “Рома” сафига кўчиб ўтган тажрибали ҳужумчи “бўрилар” таркибида жами 48 та ўйинда қатнашиб, ўз ҳисобига олтидан гол ва ассист ёздириб қўйди. Бу баҳсларнинг аксариятида Элдор захирадан ўйинга қўшилиб, бир неча дақиқа ҳаракат қилган холос.
Шомуродов “Специя”даги дебют учрашувини 5 февраль куни чемпионат пешқадами “Наполи”га қарши ўтказиши кутилмоқда.
Фикрлар