Спорт курашлари. Бекзод Абдураҳмонов яна “Ҳарвард”да фаолият олиб боради
Эркин кураш бўйича Токио-2020 Олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмонов АҚШнинг дунёга машҳур “Ҳарвард” университетида фаолият олиб боради. Бу ҳақда спортчининг ўзи Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳамюртимиз қитъа ва жаҳон чемпионати, Осиё ва Олимпия ўйинлари, улардан олдин ташкил этиладиган асосий йиғинлардан ташқари даврда мазкур университетда иш олиб боради.
“Аввал ҳам “Ҳарвард” билан ишлаганман. Менинг у ердаги асосий вазифам мураббийлик. Университет талабаларига эркин курашдан сабоқ бераман, турли мусобақаларга тайёргарлик кўришларида ёрдамлашаман. Шу билан бирга терма жамоадаги фаолиятимни ҳам давом эттираман. Ўзаро келишувга кўра, йирик мусобақалар олдидан ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш учун терма жамоа ихтиёрида бўламан”, – деди Бекзод Абдураҳмонов.
Маълумот учун, курашчимиз 2014-2015 йилларда ҳам “Ҳарвард”да фаолият олиб борган. Мазкур университет айни пайтда жаҳоннинг энг яхши 5 олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.
Фикрлар