Спорт курашлари. Вакилларимиз қитъа биринчилигини 4 та медаль билан бошлади

Баҳрайн пойтахти Манама шаҳри спорт курашлари бўйича U15 ва U20 Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Кеча 20 ёшгача бўлган юнон-рум курашчилар ўртасидаги беллашувларда ҳамюртларимиздан 4 нафари шоҳсупага кўтарилди. 77 кг вазн тоифасидаги курашчимиз Самандар Бобоназаров эронлик Маъсуд Али Акбар Гафини қандайдир 30 сония ичида соф ғалаба билан мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионига айланди.

Афсуски, финалга етиб келган қолган икки курашчимиз рақибларига имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлишди. 87 кг вазнда курашган Азаматжон Абдубаннобов қозоғистонлик Максат Сайлауга, 130 кг вазндаги Темурбек Насимов эса эронлик Фардин Ҳедаятига ютқазиб қўйди.

Бронза медали учун икки юнон-рум курашчимиз гиламга чиқди. 55 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Алишер Ғаниев Саудия Арабистони вакили Абдуллоҳ Жандуни муддатидан аввал (10-0) таслим этган бўлса, Ҳусниддин Олимбоев (63 кг) қозоғистонлик Багдат Сабазга кичик ҳисобда ютқазиб қўйди.

Шу тариқа, Ўзбекистон юнон-рум кураши терма жамоаси Осиё чемпионатининг илк куни 1 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритди. 

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!