SPORTS.uz талқини бўйича Европа кучли чемпионатларида тур рамзий терма жамоаси

Мураббий: Фрэнк Лэмпард (4-3-3)

Бугунги терма жамоамизда мураббийлик постини 29 йил деганда “Ливерпуль”ни чемпион қилган Юрген Клоппга берсак адолатдан бўларди. Бироқ, германиялик мутахассис йил бошидан бери бу каби рамзий жамоалардан тушгани йўқ. Шу жиҳатдан, мерсисайдликлар чемпионлигини тезлаштирган Фрэнк Лэмпардни тур мураббийи, деб топдик.
Рестартдан кейинги “Манчестер Сити” ҳаммани, жумладан, августда Чемпионлар Лигаси нимчорак финали жавоб учрашувида уларга қарши саф тортиши керак бўлган “Реал”ни ҳам бироз чўчитаётган эди. Пандемиядан сўнг “шаҳарликлар” “Челси”дан фарқли ўлароқ, 2 та ўйин ўтказиб улгурган эди. Аммо Лэмпард шогирдлари чемпионат бошидан бери тушунарсиз ўйин намойиш этиб келишмоқда. Яққол фаворит ҳисобланган ўйинларда ҳам очко йўқотиб турадиган жамоа “Сити”га қарши баҳсда анча мазмунли футбол намойиш этди. Пандемия карантини даврида Фрэнк, айниқса, Пулишич билан тил топишиб олган кўринади. “Капитан Америка” “Астон Вилла” дарвозасига ҳам йўл топганди.
Демакки, Лэмпардни турнинг энг яхши мураббийи теб топар эканмиз, унинг тактик схемаси ҳам рамзий терма жамоамизни тузишда асос бўлиб хизмат қилади.

lempard

Дарвозабон: Каспер Шмейхель


“Лестер”нинг гол машинаси аллақачон тўхтаб бўлган. Варди муҳим ўйинларда рақиблар дарвозасига йўл топа олмаяпти. “Лестер”нинг пандемиядан сўнг киритган ягона голи ҳимоячи Чилуэллга тегишли. Жамоа иккинчи ўйинда ҳам ғалаба қозона олмади. Мағлуб бўлмаётгани ҳам катта гап, аслида. Бунда асосий қаҳрамон – Каспер Шмейхель. Дарвозабон “Брайтон”га қарши баҳсда ҳакам томонидан белгиланган пенальтини қайтаришдан ташқари камида 2 та вазиятда жамоасини қутқарди. 

1833420-38665631-2560-1440

Ўнг қанот ҳимоячиси: Трент Александр-Арнольд

Ўз даврининг энг етук ўнг қанот ҳимоячиларидан бири ҳисобланган Кафу Арнольдни “Олтин тўп”ни ютиш учун етарли салоҳиятга эга, деб ҳисоблайди. Афсуски, йилнинг энг яхшиларини аниқлашда кўпинча ҳужумкор футболчилар танланади. Трент ҳимоячи сифатида аллақачон рекордлар ўрната бошлаган. Балки, “икки ўзга сайёралик”нинг даври якунлангач, у каби футболчиларнинг меҳнати ҳам муносиб тақдирланар. Ушбу турда, қуруқ ўйин ўтказишдан ташқари гол уришга ҳам эришган Арнольд жамоаси билан узоқ кутилган чемпионликни нишонлади ва ҳақли равишда рамзий терма жамоамиздан жой олди.

5e492d6a0b9e0_aleksander_arnold

Марказий ҳимоячи: Серхио Рамос (C)

“Эль Капитано” бизнинг жамоамизга иккита сабаб юзасидан керак. Биринчидан, у гол уриб турадиган, ҳимояда тартиб ўрната оладиган футболчи ҳисобланади. Иккинчидан, кучли бешлик чемпионатларида унга ўхшаш характерли сардор топилмаса керак. Айниқса, сўнгги ўйинларда. Рамос тўпурар ҳимоячилар орасида Кумандан ортдалиги ва голларини фақат пенальтидан уриши ҳақида гаплар чиқа бошлаган эди. Мана сенга жарима зарбаси... Бу гол “Реал”ни учрашув охирини асабий ўтказмаслиги учун ҳам керак эди.

serhio-ramos-vyrazil-nedovolstvo-novoj-datoj-jel-klasiko

Марказий ҳимоячи: Виржиль Ван Дайк

Бугун “Ливерпуль” футболчиларини таркибга киритар эканмиз, ҳеч қандай изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Нидерландиялик футболчининг ҳимоядаги ишончли ўйини жамоасига нафақат бу турда, балки бутун чемпионат мобайнида жуда кўп ғалабаларни келтирди. Рамзий терма жамоамиз учун ушбу турда Ван Дайкдан муносиброқ футболчини топа билмадик.

dsr7gdbxoaayi3e

Чап қанот ҳимоячиси: Робин Госенс

Ҳа, “Аталанта” иккита гол ўтказиб юборди. Аммо, рақиб “Лацио”лигини ва ўйинда бурилиш ясаган голни айнан немис футболчиси урганини ҳисобга олсак, у ҳақли равишда рамзий терма жамоамиздан ўрин олди. 0:2 ҳисобида мағлуб бўлаётган жамоасини ўйинга қайтаришда унинг голи жуда муҳим ўрин тутди. Ундан ташқари, Госенс беллашув мобайнида ҳимояда ҳам шерикларига нисбатан ишончли ҳаракат қилди.

robin-gosens

Таянч ярим ҳимоячиси: Фабиньо

“Лестер”га қарши ўтган мавсумдаги Компанининг голи амалда кўп нарсани ҳал қилган эди. Фабиньонинг голи “Ливерпуль”нинг ўзига хос жавоби вазифасини ўтади, холос. Устига устак худди шундай голни бразилиялик футболчи “Сити” дарвозасига ҳам урганди. Робертсоннинг голига узатиб берган тўпи ҳам ўзи урган гол каби шедевр бўлди.

fabino-vybyl-iz-stroja-do-janvarja

Марказий ярим ҳимоячи: Кристиан Пулишич

Кетма-кет иккита турда жамоасининг ғалаба голини киритаётган футболчини ёддан чиқариш мумкин эмасди. Кечаги голи том маънода Пулишичнинг ўзига тегишли бўлди. Майдон марказида Гюндоганнинг хатосидан сўнг тўпга эга чиққан футболчи голгача Мендини шунчаки кўрмай ўтиб кетди. “Капитан Америка” лақабини олган океанорти футболчиси мана шу эътирофга мос қаҳрамонликни кўрсатди.

27817656

Марказий ярим ҳимоячи: Хакан Чалханўглу

Футбол ихлосмандлари қайси клуб мухлиси бўлмасин афсонавий “Милан”ни соғинишган. “Лечче”га қарши баҳсда Чалханўглу ва унинг жамоадошлари ўша кўпчилик соғинган “россонери”ларни қайтаргандек бўлишди. Иккита голли пас билан жамоадошларини таъминлаган Чалханўглу бугунги “Милан”нинг ҳақиқий етакчиси эканлигини яна бир бор исботлади.

GettyImages-1165154835-1

Ўнг қанот ҳужумчиси: Муҳаммад Салоҳ

Салоҳ “Кристал Пэлас”га урган голи орқали тўпурарлар жадвалида иккинчи поғонага кўтарилиб олди. Бундан ташқари, мисрлик футболчи Маненинг голига узатма ҳам амалга оширди. Ушбу турда Салоҳ чемпионликни ҳам нишонламоқда. Байрамга ўз ҳиссамизни қўшишни истадик.

5c719e552e178_mohammed_salah

Чап қанот ҳужумчиси: Антони Марсьяль

“Манчестер Юнайтед” футболчиси сифатида сўнгги бор Робин ван Перси 2013 йилда хет-трик қайд этган экан. Антони ушбу турда жамоасининг ҳар учала голига ҳам муаллифлик қилиб, “қизил иблислар”нинг қора анъанасига нуқта қўйди. “Манчестер Юнайтед” мана энди ўзига ўхшаб бормоқда. Погбанинг ўйини ҳам очилиб кетди. Келгуси мавсум шу темпда ўйнаса, манчестерликлар бемалол чемпионликка даъво қилиши мумкин.

antosha-1021x580

Марказий ҳужумчи: Эрлинг Холанд

Умидсиз қолган “Боруссия”га умид билан келган футболчи. Афсуски, жамоа ЕЧЛда ҳам, Бундеслигада ҳам муваффақиятсизликка учради. “Узунқулоқ” гаплар Санчонинг ушбу ёзда жамоадан кетишини айтмоқда. Холанд эса ўзини Златанга қиёслайди. Турли чорловларга “лаббай”, деб жавоб беришдан қўрқмайди. Таклифлар ҳам кўп. “Лейпциг”га қарши принципиал ўйиндаги дубль ҳам унинг классини белгилаб беради. Ҳакими кетса, Санчо кетса, Холанд қоладими?!

verder-borussija-0-2-gol-holanda_15824011261189404804

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

 

Курашга қўшилган Бензема, пастлаган Роналду ва Месси: «Олтин тўп»га даъвогарларнинг янгиланган рейтинги

Трансферлар ойнаси. А сериядан кимлар кетади: Кулибали, Пьянич, Мартинес (1-қисм)

Трансферлар ойнаси. А сериядан кимлар кетади: Кулибали, Пьянич, Мартинес (2 қисм)

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)