SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (15-сон)
Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.
Хорватия нимчорак финал босқичида Японияни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди. Хорватлар дарвозабони доимгидек қаҳрамон.
Яна бир қитъадошимиз мундиал билан хайрлашди. Сон ватандошлари Бразилия олдида ожиз қолди. Жароҳатдан қайтган Неймар ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Япония – Хорватия 1:1
Нимчорак финалнинг бешинчи учрашуви доирасида Япония ҳамда Хорватия терма жамоалари ўзаро куч синашди. Муросасиз кечган баҳс экстра-таймлардан ҳам ўтиб, пенальтилар сериясигача борди. Унда омад "шашкачилар"га кулиб боқди.
Асосий вақтда 1:1 ҳисоби қайд этилди. 43-дақиқада Майеда рақиб жарима майдонидаги тартибсизликдан унумли фойдаланиб, деярли бўш қолган дарвозага тўпни жойлаб қўйди - 1:0. 55-дақиқада хорватлар мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Ловреннинг қанотдан ошириб берган узатмасидан сўнг тўпга Перишич боши билан зарба берди ва дарвозани ишғол қилди - 1:1.
"ЖЧ-2022"да биз биринчи марта экстра таймлар ва пенальтилар сериясини кўрдик. 120 дақиқа давом этган ўйинда 1:1 ҳисоби ўзгармасдан қолди. Пенальтилар сериясида эса европаликлар посбони чинакамига қаҳрамонлик кўрсатди. У 3 та 11 метрлик жарима зарбасини бартараф этди ва жамоасининг лотереяларда зафар қучишига улкан ҳисса қўшди.
Перишич терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатларидаги голлари сонини 6 тага етказиб олди. Жамоада ҳеч ким у каби кўп гол киритмаган. Шунингдек, Иван 3 мундиалда ўз номини таблога ёздириб қўйган биринчи хорватиялик футболчига айланди. Олдинроқ, "Тоттенхэм" вакили 2014 ва 2018 йилги дунё биринчилигида ҳам тўп киритишга эришганди.
Хорватиянинг катта мусобақалардаги охирги 8 плей-офф учрашувидан 7 таси экстра-таймларга чўзилган. Фақат мундиал финалидаги беллашувда ҳаммаси асосий вақтда ҳал бўлган ва унда Далич шогирдлари имкониятни бой берганди.
Ливакович пенальтилар сериясида 3 та зарбани қайтарган мундиаллар тарихидаги икки дарвозабон қаторидан жой олди. 2006 йилда португал Рикарду Англияга қарши, 2018 йилда хорват Субашич Данияга қарши учрашувда шундай натижа қайд этган.
Хорватия чорак финалда Бразилия терма жамоасига қарши саф тортади. Япония эса мардонавор тарзда мусобақа билан хайрлашди.
Бразилия – Жанубий Корея 4:1
Бразилия ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари куннинг иккинчи тўқнашувида чорак финал чиптаси учун бир-бирига қарши саф тортди. Унда қитъадошларимиз йирик 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди.
7-дақиқадаёқ "пентакампеонлар" гол уришга эришди. Тезкор гол муаллифи - Винисиус Жуниор. 6 дақиқа ўтиб, энди Неймар ўз номини таблога ёздириб қўйди. ПСЖ ҳужумчиси пеналтидан ажойиб тарзда гол урди.
Жанубий америкаликлар шу билан тўхтаб қолмади. Беллашувнинг 29-дақиқасида Ришарлисон супер комбинациядан сўнг рақиб дарвозасини нишонга олди - 3:0. 36-дақиқада эса Пакета Винисиуснинг "заргарона" пасидан сўнг ҳисобни йирик 4:0 кўринишига келтирди.
Бразилияликларнинг бу голларига жавобан Пак Син Хо кореяликларнинг ягона голига муаллифлик қилди. У узоқдан "пушка" йўллади ва Алиссонни ожиз қолдирди.
38 ёш 74 кунлигида Тиаго Силва ассист қайд этган энг ёши катта футболчига айланди. У Ришарлисоннинг голига ҳаммуаллифлик қилганди.
Ришарлисон ЖЧдаги голлари сонини 3 тага етказиб олди. Бу орқали у Роналдиньо ва Адрианодан ўзиб кетди.
Учрашув ўтказилган "974 Стэдиум" ўйингоҳи учун бу сўнгги мундиал ўйини эди. Юк ташувчи контейнерлардан ташкил топган ўйингоҳ демонтаж қилинади ва керак бўлганда қайта барпо этилади.
Бразилия бош мураббийи Тите беллашувда 3-дарвозабон Вевертонни захирадан майдонга туширди. Шу тариқа, мутахассис кенгайтирилган таркибдаги барча футболчилар хизматидан фойдаланди. Жорий мундиалда бу ҳолат илк маротаба кузатилди.
Бразилия чорак финалда Хорватия терма жамоаси билан куч синашади. Жанубий Корея эса сўнгги Осиё вакили сифатида мусобақа билан хайрлашди.
Фикрлар