SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (18-сон)
Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.
Португалия аламли тарзда мағлубиятга учради дейилмоқда. Лекин Роналду бошчилигидаги юлдузлар, Испания, Бельгия ва Хорватия каби Марокаш дарвозасига гол ура олмади. Демак, Марокашнинг натижаси сенсация эмас!
Англия - Франция учрашуви финалолди финалга қиёсланди. Фаворити йўқ беллашувда францияликлар ғалаба қозониб, ярим финалга йўл оди. Улар 24 йилликдаги энг яхши амалдаги чемпион бўлиб турибди.
Марокаш - Португалия 1:0
Чорак финалнинг учинчи баҳси Марокаш ва Португалия терма жамоалари ўртасида кечди. Африка ва Европа вакиллари ўртасидаги мазкур тўқнашув тақдирини ягона гол ҳал этди ва Марокаш ўзига хос тарих ёзган ҳолда мундиал ярим финалига йўл олди.
42-дақиқада Юссуф Эн-Несири қанотдан етказиб берилган тўпни баланд сакраб рақиб дарвозасига киритди. Бу вазиятда дарвозабон тўпга чиқишда хатога йўл қўйганини ҳам таъкидлаш лозим.
Иккинчи бўлимда Сантуш таркибда ўзгаришларни амалга оширди, захирадан Роналду майдонга тушди. Бироқ кеч бўлганди. Ўз тарихида илк бор чорак финалда ўйнаган Марокаш энди ярим финалга йўл олди.
Ягона гол муаллифи Эн-Несири Марокашнинг барча мундиаллар плей-офф босқичидаги илк голини урди. Шунингдек, у дунё биринчилигида 3 та тўп киритган марокашлик дастлабки футболчига айланди.
5 та ўйиндан сўнг Марокаш терма жамоасига рақиб футболчилари гол ура олмаяпти. Ўтказиб юборилган битта тўп автогол сифатида қайд этилган.
"Атлас шерлари" жаҳон чемпионати ярим финалига чиққан Африка тарихидаги дастлабки жамоа бўлди. Бундан олдин ушбу қитъада бирор терма жамоа бундай натижа қайд этмаган.
2004 йилдан бери биринчи маротаба Криштиану Роналду Португалия сафида қаторасига икки марта захирада қолдирилди. Шунингдек, Роналду терма жамоадаги халқаро учрашувлари сонини 196 тага етказди. Бу жаҳон рекорди ҳисобланади.
Криштианунинг бу ўйинда гол кирита олмагани уни "қора анъана"си давом этишини билдиради. Ҳужумчи мундиалнинг плей-офф ўйинларида бирор марта ҳам гол ура олмаган. У плей-офф босқичларида 570 дақиқа ўтказган ва рақиблар дарвозасига 27 та зарба йўллаган.
Роналдунинг жаҳон чемпионатидаги энг яхши натижаси 4-ўрин ҳисобланади. У ва жамоаси 2006 йилги мундиалнинг ярим финалида Францияга мағлуб бўлиб, 3-ўрин учун курашда Германияга енгилган. Охир-оқибат, чемпионатда 4-поғонани олган.
Ушбу беллашувдан сўнг Пепе терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У Португалия сафида 133 учрашувда иштирок этиб, 8 та гол уришга муваффақ бўлганди.
Марокаш антирекорд қайд этиб ҳам тарих ёзмоқда. Гап шундаки, Реграги шогирдлари жаҳон чемпионатлари тарихида тўпга эгалик қилиш даражаси бўйича жуда паст кўрсаткич қайд этмоқда. Жамоа бу борада турнирнинг илк ярим финал иштирокчиси бўлди. Ҳатто, 1998 йилда бронза медалига эга чиққан Хорватияда ҳам натижа бироз яхшироқ эди. Мусобақа ярим финалчиларининг ҳеч бири жаҳон чемпионатини 40 фоиздан кам тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи билан якунламаган. Марокаш эса бу бўйича биринчи жамоага айланди.
Тарихий ғалаба қайд этган Марокаш ярим финалда Франция билан тўқнаш келади. Португалия аламли тарзда мундиал билан хайрлашди.
Англия - Франция 1:2
Чорак финалнинг охирги ўйинида Англия ва Франция терма жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Фаворитни тахмин қилиш қийин бўлган баҳсда францияликлар 2:1 ҳисобида зафар қучди.
17-дақиқада Гризманн ҳужумни давом эттириб, Тчуаменига пас берди. У эса узоқ масофада бўлишига қарамай, кучли зарба билан ҳисобни очди.
Танаффусдан сўнг инглизлар пенальти ишлади. Харри Кейн 11 метрлик нуқтадан гол уриб, мувозанатни тиклади. Аммо 78-дақиқада Жиру катта саҳнага чиқди. Гризманн чап қанотдан узатган тўпни Жиру тўрга йўллади. Антуан жамоасининг иккала голида ҳам ассистни амалга оширди.
Англияда яна бир имконият бўлганди. 84-дақиқада Ҳарри Кейн пенальтидан ноаниқ зарба йўллади. Шу тариқа, Франция ярим финалга йўл олди. Франция терма жамоаси ўз тарихида еттинчи марта ярим финалга чиқди. 1982/1986 йиллардан бери кетма-кет 2 та жаҳон чемпионатида ярим финалгача етиб борган биринчи жамоага айланди.
Англия ушбу мундиалда 13 та гол уриб, ўз тарихида битта йирик турнирда энг кўп гол урган жамоа бўлди.
Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам жаҳон чемпионатидаги 17 ўйиндан 13 тасида ғалаба қозонган. Франциялик мураббий ҳисобида 2 дуранг яна шунча мағлубият мавжуд. У сермаҳсуллик борасида фақатгина Португалия ва Бразилия терма жамоаларида ишлаган Луис Фелипе Сколари (14) ва германиялик Хельмут Шен (16)дан ортда қолмоқда холос.
Французлар 24 йил ичида мундиал ярим финалига чиққан биринчи амалдаги жаҳон чемпиони бўлди. Эътиборлиси, 1998 йилги жаҳон чемпионатидан кейин биринчи марта амалдаги чемпион мундиал ярим финалига йўл олди. Ўшанда Бразилия 1994 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан ҳолда 1998 йилги мундиал финалига қадар етиб борган ва ҳал қилувчи ўйинда Францияга имкониятни бой берганди.
Рекордларга келадиган бўлсак, учрашув давомида "уч шерлар" ҳимоячиси Жон Стоунс пас бериш аниқлиги бўйича 100 фоизлик натижа қайд этди. Унинг 72 та узатмаси шерикларига аниқ етиб борган, бу эса жаҳон чемпионати рекордидир. Стоунс 1974 йилда германиялик Паул Брайтнер қайд этган натижадан (57/57) ўзиб кетди.
Англияга қарши учрашув Уго Льорис учун терма жамоа сафидаги 143-ўйин бўлди ва у Лилиан Тюрамни ортда қолдирди. Тюрам терма жамоа либосида 142 та ўйин ўтказган. Энди 35 ёшли дарвозабон бу борада Франция сафида мутлақ рекордчига айланди.
54-дақиқада Харри Кейн пенальтидан гол уриб, терма жамоанинг энг яхши тўпурари Уэйн Рунининг натижасини такрорлади. Эндиликда, ҳар иккала ҳужумчи ҳисобида 53 тадан гол бор. Кейинроқ, Англия сардорида гол уриш учун яна бир имконият бўлди. Ҳакам амалдаги жаҳон чемпионлари дарвозасига ўн бир метрли жарима белгилади. Бироқ, Кейн бу имкониядан фойдалана олмади.
Ўйинда Жуд Беллингем “уч шерлар” тарихида ушбу босқичда майдонда тушган энг ёш футболчига айланди (19 ёш, 164 кун). Ундан олдинги натижа Уэйн Рунига тегишли. Собиқ футболчи 2006 йилги мундиалда Португалияга қарши баҳсда ҳаракат қилганди (20 ёш, 250 кун). Беллингем Қатардаги мундиалда жамоанинг муҳим футболчиларидан бирига айланди. У барча ўйинларда асосий таркибда майдонга тушди. 19 ёшли ярим ҳимоячи битта гол ва 2 ассистни ўз номига ёздириб қўйди.
Фикрлар