SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (19-сон)

Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.

Аргентина вице-чемпион Хорватияни йирик ҳисобда мағлуб этди. Эътиборлиси, аргентиналиклар ярим финалларда умуман ютқазмаяпти. Модрич бош эгик, Месси эса рекордлар қайд этган ҳолда майдонни тарк этди.

Жаҳон чемпионати ярим финалининг илк ўйинида Аргентина ва Хорватия терма жамоалари майдонда саф тортди. Қизиқарли кечган тўқнашувда жанубий америкаликлар йирик 3:0 ҳисобида зафар қучди.

"Кумушранг ўлка" вакилларининг илк голи 34-дақиқада Лионель Месси томонидан урилди. У пенальтидан унумли фойдаланиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, энди Хулиан Альварес ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ҳужумчи жарима майдонига ёриб кирди ва бирин-кетин ҳимоячилардан ўтиб, тўпни тўрга йўллади.

Баҳсдаги сўнгги гол 69-дақиқада яна ўша Альварес томонидан киритилди. У жамоадоши Мессининг идеал узатмасидан сўнг тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Бу гол ўйинга нуқта қўйди, қолган 20 дақиқада Хорватия камбек қилишга қурби етмади.

DSC04469

Ушбу муваффақият жаҳон чемпионатларининг ярим финалидаги энг йирик "қуруқ" ғалаба ҳисобланади. Бу фақатгина Аргентинанинг ўзи учун эмас, балки барча жамоалар орасида. Албатта, жаҳон чемпионатининг ярим финали ҳам немисларнинг бразилияликлар устидан 7:1 ҳисобида ғалаба қозониши каби ақл бовар қилмайдиган натижаларни берган, аммо таъкидлаймизки, бу "қуруқ" ғалаба эмас.

Месси пенальтидан киритган голи эвазига Аргентина терма жамоаси тарихида мундиаллардаги энг яхши тўпурарга айланиб олди. Қолаверса, у мазкур турнирдаги бешинчи голини уриш орқали ПСЖдаги жамоадоши Килиан Мбаппени гол + пас тизимида қувиб ўтди. Килиан Қатарда давом этаётган жаҳон чемпионатида 5 та гол ва 2 та ассист муаллифига айланган. Лионель Месси ҳозирча гол + пас тизимида 8 очко ишлаган (5 та гол, 3 та ассист).

Альварес 2010 йилги ЖЧда иштирок этган Игуаиндан кейин мундиалларда Аргентина сафида 3 тадан ортиқ гол урган биринчи футболчи бўлди. Фақатгина Месси улардан кўпроқ тўп киритган.

Месси ЖЧ ўйинларининг биттасида ҳам гол, ҳам ассист қайд этган илк футболчи ҳисобланади. У мазкур натижани нақ 4 учрашувда амалга оширди.

Аргентина терма жамоаси ярим финалларда умуман мағлубиятга учрамаган. Терма ўз тарихида 4 марта бу босқичда қатнашган ва уларнинг барчасида зафар қучган.

8b3c01eaa664f6d9345a0576b468754b6398d6084850e216773228

Хорватия ХХI асрда 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, ғалаба қозона олмаган. Мазкур нохуш анъанага бу сафар ҳам чек қўйилмади.

Мундиаллар ярим финалида фақат 3 ўйинчи дубл муаллифига айланган. 2014 йилда Тони Кроос ва Андре Шюррле, жорий йилги мусобақада эса Хулиан Альварес шундай кўрсаткич эгаси бўлди.

Финалда Аргентина жамоаси Франция ҳамда Марокаш терма жамоалари ўртасидаги ғолиб билан куч синашади. Ҳал қилувчи ўйин 18 декабрга белгиланган. 3-ўрин учун баҳс эса 17 декабрь куни бўлиб ўтади. Икки беллашув ҳам Тошкент вақти билан 20:00да бошланади. Бугунги Франция - Марокаш ўртасидаги иккинчи ярим финал эса 00:00да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!