Стадиондаги оддий мухлис Чемпионшипда ҳакамлик қилди (фото)

Кеча Чемпионшипнинг навбатдаги туридан ўрин олган «Норвич» ҳамда «Престон» (1:1) жамоалари ўртасидаги баҳсда қизиқ бир ҳолат содир бўлди.

Учрашув тугашига 6 дақиқа қолганида учрашувнинг қанот ҳаками Марк Жонс кутилмаганда жароҳат олди. Унинг ўрнини эса заҳирадаги ҳакам эгаллади.

Эътиборлиси, заҳирадаги ҳакам қанотга ўткач, унинг ўрнида ишлайдиган ҳакам қолмади. Шунда стадиондаги мухлисларнинг бири бош ҳакамга “Мен ҳакамман, мен ҳакамман” дея бақирди. Бу “Норвич” мухлиси Дэвид Торнхилл эди. Кейин маълум бўлишича у ростдан ҳам маҳаллий мусобақаларда ҳакамлик қилар экан.

Шундан сўнг учрашув бош ҳаками унга электрон таблодан фойдаланишни ўргатди ва кийимидан “Норвич” логотипини йиртиб ташлашни сўради. Унга заҳира ҳакамининг қора курткаси кийдирилди.

Қизиғи у ушбу ўйиндаги тўхталишлар учун 10 дақиқа вақт қўшиб берди.