Стоймирович: "Кейинги сафар "Пахтакор"ни бундай ҳисобда юта олмаслигимиз мумкин"

Суперлиганинг 3-тури доирасида «Пахтакор»га қарши ўйиндан кейин «Локомотив» катта мураббийи Александр Стоймирович фикрларини билдирди.

- «Олимпик» билан ўйиндан кейин бу учрашувга тайёрланишга вақтимиз камроқ бўлди. «Пахтакор»нинг «Насаф» билан ўйинини кузатдик. «Насаф» ҳам биз каби  ўйин кўрсатади, биз каби схемада ўйнайди. Ёрдамчим Марко Байич билан ўша ўйинга бордик ва кўп нарсаларни кўриб олдик. Вақтимиз кўп эмасди.

Бугун кўринганидек йигитлар билан ўйинга юқори даражада тайёрлана олдик. Бу сафар биз ўйин сифатимизни кўтара олдик. Натижа нуқтаи назаридан бу ижобий кўриниши мумкин. Бироқ кейинги сафар бундай ҳисобда юта олмаслигимиз мумкиндир. «Металлург» билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айтганимдек, «Локомотив» янги жамоа қурмоқда. Чемпионат давомида жисмоний ҳолатимизни яхшилаб борамиз.

Бугунги учрашув орқали йигитлар сифатни бир поғона яхшилаб олганини кўрсата олишди. Бироз бўшашиб, руҳий томонлама ўйинга юқори даражада тайёрланишди. Тактика нуқтаи назаридан «Олимпик» билан ўйиндаги ҳолат ўзгармади. Фақатгина ўзимизга муаммо келтириши мумкин бўлган нарсаларни олиб ташладик. Футболчилар кўп техник хатоларга йўл қўйишади. Шу сабабли уларни руҳан тайёрлаш керак бўлди. Йигитларни табриклайман, улар бу ўйинда ҳақли ғалабага эришишди. Ҳаракат қилишди ва юқори даража намойиш қила олишди. Такрорлайман, бу сафар учта гол ургандирмиз, кейинги ўйинда бундай бўлмаслиги мумкин.

"Локомотив" матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!