"Странжа-2021" турнирида ўғил болалар умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди!
22 февраль куни Болгария пойтахти София шаҳрида старт олган анъанавий "Странжа" халқаро турнири бугун, 27 февраль куни ўз якунига етди.
Баҳсларда жаҳоннинг 30 га яқин мамлакатидан боксчилар совринли ўринлар учун кураш олиб боришди. Хабар берганимиздек, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам иштирок этишди.
Бугун ниҳоясига етган мусобақа якунларига кўра, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 3 та олтин, 2 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда, эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Иккинчи ўринни мезбон Болгария эгаллаган бўлса, Украина терма жамоаси кучли учликка якун ясади.
Терма жамоамиз сафида қуйидаги боксчиларимиз юртимизга медаль билан қайтадиган бўлишди:
Олтин:
-69 кг: Бобоусмон Ботуров
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов
+91 кг: Баҳодир Жалолов
Бронза:
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-63 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев.
Қизларимиздан -69 кг вазнли Навбаҳор Ҳамидова бронза медалига сазовор бўлди.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати
Фикрлар