Суҳроб Бердиев "Андижон"га ўтиши ҳақида: "Бу янги мотивация"

“Андижон” клуби ёзги тайёргарлик жараёнида таркибга Суҳроб Бердиевни қўшиб олгани хусусида илгари хабар бергандик. Томонлар ўзаро келишувга эришгач, шартнома имзоланди ва Бердиев расман “Андижон” аъзосига айланди. Шу муносабат билан футболчи клуб матбуот хизматига дастлабки фикрлари билан ўртоқлашди.

“Андижон” жамоасига таклиф қилиниши ҳақида

- Аслида “Андижон”га келишим қишда бошланганди. Бошида таклиф қилишганида жамоанинг Хонободдаги йиғинига қўшилгандим. 5-6 кун шуғулландим. Кейин орада оз-моз тушунмовчилик бўлди. Айрим ишонган инсонлар бошқа жойдан таклиф бўлиб қолганини айтишди. Ўшанда Виктор Балютович мени тўғри тушунди. Лекин яна тушунмовчилик бўлди ва тақдир экан “Янгиер”да бошлаб, мана мавсумнинг иккинчи ярмида “Андижон”га келдим. Бу клубдан яна таклиф бўлди. Худога шукр, жамоага қўшилдим. Яхши киришиб кетдим. Мослашишим қийин бўлмаяпти. Ҳаммаси жойида.

сухроб2

Бош мураббий Виктор Кумиков ва жамоага мослашиши тўғрисида

- Олдин Виктор Балютовични жамоаларига қарши ўйнаганман. Кўпроқ стандартларга ва тактик жиҳатларга урғу бериларди. 4-4-2, 4-4-3 каби схемалар машғулотларда ишланяпти. Ўзим ҳам йиғинда қатнашиб гувоҳ бўляпман. Менимча, олдин бирга ишлаган мураббийлардан фарқи шунда бўлса керак. Олдин айтганимдек, жамоага қўшилиб кетишим қийин бўлмади. Бу ердаги футболчилар билан илгари бошқа клубларда ҳам бирга ўйнаганман. Футболдан ташқарида ака-ука бўлиб, алоқада бўламиз. Худога шукр, яхши қабул қилишди. Биргаликда ҳаракат қиламиз.

Янги клуб, янги мотивация! Ўз олдига қўйган мақсади

- Жароҳатдан кейин мен ҳақимда турли гап-сўзлар чиқди, футболдан қолди дейишди. Худога шукр, ўша пайтда ҳам қўлни туширмасдан ҳаракат қилдим. Яна футболга қайтишимни исботлайман, деган ниятим бор эди. Ҳозир ҳам шунинг ҳаракатидаман. Жамоага келганимдан кейин ўша истакларим қўшилди ва клубни мақсади Суперлигага қайтиш, бу ҳам янги мотивация. Ўзимни ҳам, жамоани ҳам мақсадини бирлаштириб, машғулотларда янада кўпроқ ишлаяпмиз. Насиб қилса, ниятимизга эришамиз.

сухроб4

“Янгиер” жамоасида қандай пайдо бўлиб қолган эди?

- Боя айтиб ўтганимдек, “Андижон”дан кетиб бироз тушунмовчилик бўлганди. Вазият шундай эдики, “заявка” муддати тугаб, чемпионат бошланаётганди. Трансфер ойнаси ёпилишига икки кун қолганида “Янгиер”дан таклиф тушди. Клуб мураббийларига, раҳбарларига, Маҳмуд акага раҳмат айтаман. Ўйин амалиётимни қайта тиклашимга катта ёрдам беришди. Уларни ҳам ишончини оқладим, деб ўйлайман. Жамоа билан ака-укадек бўлиб хайрлашдим. Бир томондан формамни тиклаб олишим учун яхши бўлганди.   

Про лиганинг даражаси хусусида

- Бу йилдан про лигада ўйнаётган бўлсам, Суперлигадан фарқи катталигини унчалик кўрмадим. Тўғри, про лиганинг айрим майдонлари Суперлига даражасида эмас. Буни тан олиш керак. Аммо ўйиндаги шижоат бўйича Суперлиганикидан катта фарқ қилмайди. Биласиз, про лигада ҳам мақсади бор клубларга қарши бошқалар икки баробар куч ишлатишади. Фарқи катта эмас.

сухроб

“Андижон” мухлисларига қандай эътироф билдиради?

- “Андижон” жамоасининг 18-сектордаги мухлисларини биламан. Уларнинг яхши фикрларини эшитдим. Худо хоҳласа, мухлисларнинг ҳам ишончини оқлайман. Бундан олдин водийда ўйнаганман, ишқибозларнинг қанақа талабчанлигини биламан. Ҳаракат қиламан, уялтириб қўймайман.

Нечта гол урмоқчи?

- Ҳужумда бўлмаса-да, ярим ҳимоя ва ҳужумга ихтисослашган позицияда ўйнайман. Ҳар бир футболчини мақсади ҳар бир ўйинда гол уриш. Менинг ҳам ниятим шунақа. Аммо биринчи ўринда барибир жамоани ғалабаси туради. Мен гол ураманми ёки урмайманми, муҳими клубнинг ютуғи энг асосийси. Тўғри, “Янгиер”да гол уриш борасида самарадорлик кўрсата олмаган бўлишим мумкин. Худо хоҳласа, “Андижон”да кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламан. Ўзимни ҳам мақсадларим бор. Буни йил охирида айтарман. Ҳар қандай ҳолатда жамоани ғалабаси биринчи ўринда. Мақсадимиз Суперлигага қайтиш.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!