Суҳроб Бердиев камерага қараб голини кимга бағишлаганини биласизми?

“Андижон” жамоаси сафарда “Машъал” устидан ғалаба қозонганини яхши биласиз. Учрашувда ҳисобни очган Суҳроб Бердиев “Бургутлар” таркибидаги илк голини киритди. Ўйиндан сўнг у таассуротлари билан ўртоқлашди.

- “Машаъл”га қарши ўйин ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

- Худога шукр, ғалаба қозондик. Ютиб олинган ўйиндан ҳар доим яхши хотиралар қолади. Бу учрашувда қийин бўлишини билиб тургандик. “Машъал” яхши жамоа. Биз шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Ҳаммаси жойида.

- “Андижон” сафидаги илк голингизни урдингиз ва уни дадангизга бағишладингиз...

- Ҳаммадан ҳам кўпроқ дадам ўйинимни кутади. Ғалаба қозонишимизни доим дуо қилиб ўтиради. Бундан аввал Кубок учрашувида АГМК билан ўйнадик ва ушбу учрашувни кўриш учун Андижонга ҳам келдилар. Жамоамизни стадионда қўллаб-қувватлаб турди. Ўша ўйинда бизга бироз омад етишмаганди. Бу сафар гол уриб, жамоамни ғалабасига ҳисса қўшишни ва бу орқали дадамни ҳам хурсанд қилишни мақсад қилгандим. Худога шукр, ғалаба қозондик.

- Олдинда 10 сентябрь куни Бухорода мезбонларга қарши ўйин бор. Қисқа фурсат ичида тикланиш қийин бўлмайдими ва бу учрашув олдидан нима дея оласиз?

- Албатта, бизни олдинда яна қийин ўйин кутиб турибди. “Бухоро”га қарши ҳам яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун жиддий тайёрланамиз. Тўғри, вақт кам. Лекин шунга яраша тайёргарлик қиламиз. Мураббийларнинг кўрсатмаларини тўғри бажарсак, ҳаммаси яхши бўлади.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!