Суҳроб Бердиев: Намойиш этаётган ўйинимдан қониқмаяпман

PEPSI Суперлига 15-тури доирасида “Қўқон-1912” жамоаси Наманганда “Навбаҳор” меҳмони бўлади. “Водий дербиси” мақоми остида ўтадиган ўйин олдидан қўқонликлар етакчиларидан бири Суҳроб Бердиев ПФЛ расмий сайтига ўйинолди тайёргарлик жараёни қандай ўтаётгани ҳақида гапириб берди. 

- Бу йил чемпионатимиз аввалгиларидан анча ўзгача тарзда ўтяпти. PEPSI Суперлига ҳам ташкилий, ҳам ўйин борасида олий лигадан фарқ қилишини барчамиз кўриб турибмиз. Эндиликда барча учрашувлар шиддатли тарзда кечяпти. Жамоалар ҳар бир очко учун жуда қизғин кураш олиб боришяпти. Бу эса миллий чемпионатимиз савияси ўсаётганидан далолат, деб биламан. ЎФА ҳамда ПФЛ ўзбек футболи савиясини ошириш, юртимизда футболни янада ривожлантириш учун анча самарали иш олиб бораётгани барчамизни хурсанд қиляпти. Яқин вақт ичида ҳозир қилинаётган меҳнатлар ўз самарасини беради, деб ўйлайман, - дея сўз бошлади маҳоратли ярим ҳимоячи. 

- Айниқса, стадионларимизга мухлислар ташрифи ошгани, ишқибозларнинг футболга эътибори ижобий томонга ўзгараётгани қувонарли. “Қўқон-1912” жамоаси ҳам ўзининг кўпсонли ашаддий ишқибозларини имкон қадар яхши ўйин намойиш этиб, уларни ғалабалар билан хурсанд қилишга уриняпти. Ҳозир ҳар бир тур ўйинига ўзгача тарзда тайёргарлик кўриш талаб этиляпти. Масалан, келаси турда “Навбаҳор” билан баҳс юритамиз. Рақиб жамоа ҳам бу йил анча яхши ўйнаяпти. Уларга қарши ўйин осон ўтмаслиги тайин. Шу боисдан бизнинг жамоамиз ҳам ўйинга яхши ҳозирлик олиб боришга уриняпти. Насиб этса, “Водий дербиси”да ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатиб, мухлисларимизга ажойиб ғалаба тақдим этишга уринамиз.

Шахсан ўзим ҳозирча намойиш этаётган ўйинимдан қониқаётганим йўқ. Футболчи мунтазам равишда ўз ўйинини яхшилаб, ўз маҳорати устида ишлагани яхши, деб ўйлайман. Машғулотларда астойдил меҳнат қилиб, масъулиятли учрашувларда жамоам ғалабаларига ўзимнинг муносиб хиссамни қўшишга ҳаракат қиламан, - деди Суҳроб Бердиев. 

 

“Қўқон-1912” матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!