Суперклуб “Челси”нинг уч ўйинчисига “ҳужум” қилди

Football Italia нашрининг маълум қилишича, “Ювентус” раҳбарияти олдиндаги трансферлар вақтида таркибни сезиларли даражада кучайтиришни режалаштирмоқда.

Манбага кўра, туринликлар “Челси”нинг бирданига уч футболчисини ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилган.

“Ювентус”га Бенуа Бадиашиле, Чезаре Казадеи ва Бен Чилуэлл керак. Турин суперклуби Глейсон Бремер ва Хуан Кабаль жароҳат туфайли мавсум охиригача жамоага ёрдам беролмаслигини инобатга олиб, трансферларга январь ойидаёқ қўл урмоқчи.

“Ювентус” мутасаддилари Бадиашилени Бремерга, Чилуэллни Кабалга ўринбосар сифатида олиб келмоқчи.

Казадеи эса, “Челси”нинг кейинги режаларига ҳам киритилмаган ва италияликлар бу ярим ҳимоячини анчадан бери кузатиб келмоқда. Айрим манбалар қишда Николо Фаджоли “Ювентус”ни тарк этиши ҳақида маълумот чиқарди. Ундан бўшайдиган ўринган айнан Казадеи олиб келиниши мумкин.

“Челси” раҳбарияти бош мураббий Энцо Марескага керак бўлмай қолган ҳар қандай ўйинчи бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!