Суперлига. 21-турда жамоаларнинг имкониятлари қандай?
Ҳа дегунча мавсум ҳам тугаб қолай деди. Яна 6 та турдан сўнг, Суперлиганинг жорий мавсуми ўз ниҳоясига етади. Сентябрнинг охирги куни ва октябрнинг 1-2-кунлари 21-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Ушбу тур ўйинлари олдидан ҳам ўз таҳминларимизни ва жамоаларнинг имкониятларини чамалашга ҳаракат қилиб кўрамиз.
"Қўқон-1912" - "Металлург"
Охирги турларда бирданига кучайиб кетган қўқонликларнинг ушбу баҳсда имкониятлари нисбатан юқорироқ. Ҳар ҳолда, бўлар-бўлмасга очко йўқотмайдиган "Локомотив", "Бунёдкор", "Насаф" ва "Сурхон" жамоаларидан очко тортиб олишни уддасидан чиқишди ва сўнгги 5 та турда мағлубиятга учрашмади.
Аммо, қўқонликлар сингари "Металлург" ҳам "Локомотив"дан очко олишди. "Навбаҳор" каби жамоани мағлуб этишди. "Пахтакор"га қарши ўйинда ҳам ёмон ўйнамаган бўлишса-да, мағлуб бўлишди.
Имкониятлар: 60% - 40%.
"Бунёдкор" - "Бухоро"
Бир қарашда Тошкент клуби кучлидек. Аммо турнир жадвалига назар ташланганида бухороликларга очко сув ва ҳаводек зарурлиги дарҳол билинади. Вадим Абрамов шогирдлари ҳам вице-чемпионлик учун кураш олиб боришмоқда. Кескин ва муросасиз баҳс бўлишини тахмин қилиш мумкин. Ҳар ҳолда, терма жамоамизга мураббий этиб тайинланган Абрамов ҳам ҳужумкор футболни ҳуш кўради. Бироқ, "қалдирғочлар"нинг кубокдан чиқиб кетишганлиги ва "Қўқон-1912"га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, "Қизилқум"ни қийин тарзда мағлуб этишганлиги "Бухоро" жамоасида ҳам имкон бўлишига шаъма қила олади.
Имкониятлар: 55% - 45%.
АГМК - "Насаф"
Ўзбекистон Кубогининг ярим финалида иккита ўзини кўрсата олган ва чиройли футбол намойиш этган жамоалар тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Бу беллашувга бирор-бир тахмин қилишни ўзи қийин. Рўзиқул Бердиевнинг ёш жамоаси сўнгги турда "Бухоро"га имкониятни бой берган бўлса, Миржалол Қосимов шогирдлари "Сурхон" жамоасига ютқазиб қўйишган эди. Ҳуллас, биз ушбу турда тактик томондан кучли мураббийга эга бўлган ва барқарорлик томони бироз етишмаётган иккита жамоанинг тўқнашувига гувоҳ бўламиз.
Имкониятлар: 50% - 50%.
"Пахтакор" - "Сўғдиёна"
Умуман олганда жиззахликлар уларнинг имкониятларини паст баҳолаш нотўғри эканлигини бутун мавсум давомида исботлаб келишмоқда. Аммо бу сафар рақиб ўта жиддий. Чемпионликни муддатидан аввал қўлга киритиб бўлган Тошкент клуби мағлубиятсиз сериясини давом эттирадими ёки масалани ҳал қилиб бўлганидан сўнг, бироз сустлашадими? Бу саволга биз 1 октябрь куни аниқ жавоб оламиз. Агарда "Пахтакор" бироз бўлсада ҳотиржамликга берилса, "Сўғдиёна" бундай имкониятни қўлдан чиқариб юборадиган жамоа эмас, балки кутилмаган сенсацияни кўришимиз мумкин бўлар.
Имкониятлар: 65% - 35%.
"Қизилқум" - "Локомотив"
Жуда яхши таркибга эга бўлган "Локомотив" клуби ғалаба қозонишни унутиб қўйгандек. Ҳар ҳолда, "темирйўлчилар" сўнгги бор, 17 август куни "Насаф"ни мағлуб эта олишганди. Бунинг оқибатида, жамоа ўз таъқибчилари билан орасидаги фарқни кескин даражада қисқартириб юборди. Зарафшонликлар эса қуйи Лигага тушиб кетишни асло исташмайди ва ҳозирда очко жуда ҳам муҳим. Тошкентликлар турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнини сақлаб қолиш учун, "Қизилқум" эса хавфли зонадан чиқиб олиш учун бор кучларини майдонга беришлари талаб этилади.
Имкониятлар: 40% - 60%.
"Навбаҳор" - "Динамо"
Иккита футбол ўйнашни севадиган жамоалар тўқнашуви. Ҳужумкорлик ва шиддатни кўрсатиб бера оладиган, аммо сўнгги пайтлар омади чопмаётган жамоалар ўзаро баҳс олиб боришади. Тўғри, Самарқанд жамоасига ғалаба жуда ҳам муҳим. Бироқ, Наманганда кечадиган беллашувда ҳар қандай жамоа мезбонларга қарши тик туриб беришда қийналишади. Канчельскис шогирдлари гол уришда қийналишаётган бўлса-да, тан олиш керак-ки, барибир имкониятлари юқорироқ эканлигини барчамиз яхши биламиз.
Имкониятлар: 60% - 40%.
"Андижон" - "Сурхон"
Тахмин қилишда энг қийин бўлган беллашувлардан бири. Нимага дейсизми? Сабаби, "Сурхон" жамоасини имкониятларини яхши биламиз. Жамоа мавсумни юқори кайфиятда ўтказмоқда. Лекин андижонликларни сўнгги ўйинларини кўриб, бир нарсани гувоҳи бўлдик. Яъни жамоа майдонда борини бермоқда ва катта куч билан ҳаракат қилмоқда. Қуйи Лигага тушиб кетишни жамоа умуман истамаяпти.
Ғалабага чанқоқ эканлиги кўриниб турибди. Айнан мана шу омиллар тахмин қилишни қийинлаштирмоқда. "Сурхон" клубининг натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларни имкониятларини бироз юқорироқ баҳолашга қарор қилдик.
Имкониятлар: 45% - 55%.
Фикрлар