Суперлигамизнинг 23-турида бизни қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. Очиғи мавсумнинг сўнгги ўйинларини тахмин қилиш қийин бўлади. Чунки бундай ҳолатда барча жамоалар деярли тенг кучга эга бўлишади. Сўнгги поғоналарни эгаллаб турган жамоалар ҳам бор кучларини ишга солишади. Шундай бўлсада, навбатдаги тур олдидан тахминларимизни ишга солиб кўрдик.

 

"Сўғдиёна" - "Динамо"

Жиззахликларда иккинчи ўрин учун ҳам имконият сақланиб турибди. Ҳаттоки 3-ўрин ҳам Чемпионлар Лигасининг саралаш босқичига имконият беради. Сабаби, кубок финалида "Пахтакор" АГМКни мағлубиятга учратди. "Сўғдиёна" эса бу имкониятдан фойдаланиб қолиш учун бор кучи билан ҳаракат қилиши хеч кимга сир эмас. "Динамо" эса мавсумни кўнгилдагидек бошлаган бўлсада, иккинчи даврада мағлубиятлар сериясини намойиш этмоқда. Жиззахда бўладиган беллашувда мезбонларнинг имкониятлари юқорироқ.

Имкониятлар: 60% - 40%.

 

"Қизилқум" - "Металлург"

Суперлигада бир неча йиллардан буён қатнашиб келадиган икки клуб тўқнашуви қизиқарли ва ҳужумкор ўтиши кутилмоқда. "Металлург" анчагина рақобатбардош жамоа бўлсада, "Қизилқум"да қуйи лигага тушиб кетиш хавфи йўқ эмас. Зарафшонликлар бугун мезбон сифатида ҳаракат қилишади. Ғалаба ким томонида бўлишини олдиндан айтиш қийин, балки дуранг натижа қайд этилар. Имкониятларни тенг бахолаймиз.

Имкониятлар: 50% - 50%.

 

"Андижон" - "Бунёдкор"

Андижонликлар Суперлигада жон сақлаш учун курашишса, "Бунёдкор" ЧЛ йўлланмаси учун курашади.

Абрамов шогирдлари охирги турларда қониқарли натижаларга эриша олишмаяпти. Аммо имкониятлари сақланиб турибди. 10-ўринни эгаллаб турган "Андижон" клубида иштиёқ ҳам яхши ҳолатга келиб улгурган. Кўрамиз бугун кимни қўли баланд келар экан.

Имкониятлар: 45% - 55%.

 

"Бухоро" - "Қўқон-1912"

Бу баҳсдан сўнг, кўп нарса ҳал бўлиши мумкин. 6 очкога тенг учрашув. Бухороликлар хавфли зонадан чиқиб олиш учун бугун ғалаба қозонишлари шарт. Мободо, "Динамо" ғалабага эриша олмаса, қўқонликларга дуранг натижа ҳам етарли бўлиши мумкин. Аммо олдинда ҳали яна ўйинлар бор эканлигини ҳисобга олсак, жамоалар 6 очкога тенг беллашувдан унумлий фойдаланиш учун бор маҳоратларини ишга солишлари талаб этилади.

Имкониятлар: 50% - 50%.

 

АГМК - "Локомотив"

Темирйўлчилар қандай кучли жамоа эканлиги хеч кимга сир эмас. Олмалиқликларда эса кучли мураббий ва тактика мавжуд. Иккинчи мавсумдирки кубок финалида ўйнашди ва бундан ташқари Лига Кубогида ҳам финал ўйинида иштирок этишади. АГМК "Пахтакор"га ютқазган бўлсаларда, баҳсни кузатиб туриб, "Локомотив"ни мағлуб этишлари мумкин эканликлари кўриниб турди. Жамоада имконият бор. Аммо "Локомотив" ҳам шунчаки ютқазиб берадиган жамоа эмас.

Имкониятлар: 45% - 55%.

 

"Навбаҳор" - "Насаф"

Намангандан мана-ман деган жамоалар ҳам осонликча ғалаба билан қайтишмайди. Бу шаҳарда "Навбаҳор"нинг ростакамига 12-ўйинчиси пайдо бўлади ва бу ўйинчи жамоанинг футболчиларига катта иштиёқ бағишлаб туради. Қашқадарё клуби Бердиев қўл остида катта натижаларга эришган ва эриша оладиган клуб. Аслида, бу тўқнашув ўзбек футболида катта қизиқишларга сабаб бўла оладиган беллашув ҳисобланади. "Насаф" жамоасини ҳам қанчалик кучли эканлигини яхши биламиз. Иккала жамоадан ҳам мавсумнинг юқори ўринлар учун курашиши кутилганди. Бироқ мос бўлмаган 6 ва 7-ўринларни эгаллаб туришибди. Қайсидур маънода 6 очколик ўйин деса ҳам бўлади.

Имкониятлар: 55% - 45%.

 

"Пахтакор" - "Сурхон"

"Сурхон" бу мавсум рақобатбардошликни кўрсатиб бера оляпти. Ҳар қандай жамоаларга бош оғриқлик қила олишини кўрсатмоқда. Аммо бу сафарги рақиб, "Пахтакор". Тошкентликлар мавсумни мағлубиятсиз якунлайдигандек. Барча ўйинларда ғалаба қозонмоқда, бор-йўғи 2 та дуранг ҳолос. Бироқ, ушбу дурангларнинг бирини Тошкентда айнан "Сурхон"га қарши учрашувда қайд этилган. "Сурхон" жамоаси балки ўз уйида ғалабани ҳам қўлга киритар? Кўрамиз.

Имкониятлар: 60% - 40%.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухарский
30/10/2019 00:36
Buxoro olg'aa
Zaur Axmed
29/10/2019 22:20
Пахта сурхон 86% - 14%